Шу йилнинг 22-26 март кунлари Осиё мамлакатлари бўйлаб 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати йўлланмалари учун саралаш баҳслари бўлиб ўтди.
Қитъамизнинг 43та терма жамоаси 11та гуруҳга бўлинган ҳолда 15та йўлланма учун кураш олиб боришди (гуруҳ ғолиблари ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган 4та жамоа).
"F" гуруҳи баҳслари пойтахтимизда ўтказилди. Покистон саралашда иштирок этишдан бош тортгани боис, гуруҳда 3та жамоа қолди. Ўзбекистон ва Тожикистон олимпиячилари дастлаб Ҳиндистонни мағлуб этишди. Сўнгги ўйинда эса бу жамоалар ўзаро дуранг ўйнашди. Натижада Друлович шогирдлари гуруҳда 1-ўрин билан Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритишди.
Тожикистон эса 4 очко (тўплар фарқи — 2:0) билан қитъа чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш учун яхши имконият ҳосил қилганди, аммо Усмон Тошев жамоаси бошқа гуруҳлардаги натижаларни кутиши керак эди. Аксига, бошқа гуруҳлардаги жамоалар ҳам сўнгги турда ўзларига керакли натижани қайд этишди:
"С" гуруҳи. Ироқ - Эрон - 0:0
"D" гуруҳи. Саудия Арабистони - БАА - 1:1
"Е" гуруҳи. Иордания - Сурия - 1:1
Натижада 2-ўринни эгаллаган жамоалар рейтингида Эрон, Сурия ва Саудия Арабистони жамоалари 4 очко ва 3-1 кўринишидаги тўплар нисбати билан Тожикистондан ўтиб кетишди. Қўшниларимиз бу жадвалда 5-ўринда қолиб кетишди.
Тожикистон шундай ҳолатда ҳам қитъа чемпионати йўлланмасига эга бўлиши мумкин эди, агар ОЧ-2020 мезбони — Таиланд саралаш босқичида гуруҳ ғолиби бўлганида ёки 2-ўринни эгаллаган жамоалар орасида кучли тўртликка кирганида...
23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатининг финал босқичи 2020 йилнинг 8-26 январь кунлари оралиғида Таиланднинг Бангкок ва Патум Тани шаҳарларидаги 4та стадионда бўлиб ўтди. Бу мусобақа Токио-2020 олимпиадасига йўлланмалар тақдим этади.