Белгиялик футболчининг «Реал Мадрид» сафига бориб қўшилиши тобора аниқлашиб бормоқда. Футболчининг ўрнини боса оладиган футболчи қидиришни бошлаб юборишди. «Гоал 24» нашри Азарнинг ўрнини эгалаш эҳтимоли юқори бўлган футболчилар рўйхатини эълон қилди. Бугун айнан шундай футболчилар тўғрисида сўз боради.
Вильфид Заҳа
«Биллур меҳмонҳона» дея юритиладиган жамоанинг ўйинини сўнгги йилларда сезиларли даражада кучайтирган футболчи айни дамда гранд клубга ўтишга ҳар доимгиданда тайёр. Унинг кариераси ўзининг пик нуқтасига яқинлашиб келмоқда. Заҳа иккала қанотда ҳам бирдек кучли ўйин кўрсата олади. Футболчи айниқса, сўнгги 2 мавсумни ажойиб ўткамоқда ва унинг ўзи ҳам кучли клубга ўтиш истагида.
Антони Марсиал
«Манчестер Юнайтед» сафига келиб қўшилгандан бери футболчини омадсизликлар қувиб юрибди. У гоҳ заҳирида қолиб кетса, гоҳида жароҳатлар гирдобига тушиб қолмоқда. Сулшер жамоа постига келгач, вазият ўзгариши кутилганди, аммо яна айрим муаммолар сабабли Марциал асосий таркибдан жой ола билмаяпти. Футболчининг ўзи ҳам бошқа клуб сафига ўтишга қарши эмас, чунки уни «Манчестер Юнайтед» ўтган мавсумда 90 миллион эвазига сотмоқчи эканлигини эълон қилган эди.
«Манчестер Юнайтед» Сулшернинг фалсафасига мос тушадиган футболчиларни кейинги мавсумда ҳарид қилишга уруниб кўради. Марциал эса кейинги мавсумда ҳам асосий таркибда майдонга тушиши сўроқ остида турган жамоада қолишдан кўра «Челси»га ўтиб кетса, ажаб эмас. Азарнинг позицияси Марциалники билан бир ҳил эканлигини ҳисобга олсак, француз «Челси»га тезда мослашиб кетиши аниқ.
Бейл
Уэлслик футболчи учун АПЛ ўз уйидек гап. Зидан очиқчасига Бейлнинг келажакдаги режаларида йўқ эканлигини айтгач, футболчининг агенти ҳозирда бир нечта клубларга мижозини тавсия қилмоқда. Бу жамоалар орасида «Челси» ҳам мавжуд.
«Челси» Бейл трансфери орқали ўз имиджини ушлаб қолишнинг уддасидан чиқади. Уэлслик футболчининг ёши бироз ўтган бўлсада, унинг даражаси баланд. У Мадридда ҳамма совринларни қўлга киритиб бўлди. Бундан ташқари «Реал Мадрид» янги шартнома таклиф қилган тақдирда ҳам маошо олдингидан анчагина кичикроқ суммани ташкил этиши аниқ. «Челси» эса футболчига каттагина маош белгиланган шартнома таклиф қилишга қурби етадиган клуб. Шундай экан, икки томон ҳам бу келишувдан яхшигина манфаатдор бўлади.
Ирвинг Лосано
Бу футболчи Россия яшил майдонларида ўтган ЖЧ да Мексика термаси сафида Германия дарвозасига ғалаба тўпини киритгани билан кўпчилкнинг ёдида қолган. Ҳозирда Голландиянинг «ПСВ» клуби шарафини ҳимоя қилаётган футболчи ажойиб ўйинлари билан кўплаб грандлар эътибор марказида турибди. Футболчига шуниндек «Ювентус» ва «Арсенал» ҳам катта қизиқиш билдирмоқда. Энг қизиғи шундаки, Лосанонинг ўйин услуби Азарники билан бир ҳил. У иккала қанотда ҳам, ҳужумчи ортида ҳам, хатто марказий ҳужумчи позициясида ҳам ўйнай олади. Бу Эденнинг ўрнини тўлиқ боса олади дегани. Бундан ташқари, анчагина ёш бўлган футболчи «Челси» таркибида йилдан-йилга ўз ўйинини кучайтириб бора оладиган даражда иқтидорли.
Эден Азар кетадиган бўлса, унинг ўрнини дарров тўлдириш талаб этилади. Акс холда, Роналду ва «Реал Мадрид» воқеаси такрорланиши мумкин. Тўғри, клуб мухлислари Пулишич Азарнинг ўрнини эгаллашидан умидвор бўлмоқда. Пулишичнинг иқтидорига шубҳамиз йўқ, аммо АПЛ да жамоани елкасида кўтариб юриш учун у хали бироз ёшлик қилади.