Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Темур Ҳакимов: «Шунчаки, «Пахтакор» мени қўйиб юборишни истамади»

Баҳо:
+ | -

Ўз вақтида бу футболчининг Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасидаги ўйинини кўрганлар ундан етук ҳужумчи етишиб чиқишига ишонишганди.

У ўзининг индивидуал хатти-ҳаракатлари билан узоқ Мексикада ҳам кўплаб мухлислар орттирганди. Аммо кейинчалик қандайдир омиллар туфайли унинг фаолиятида пасайиш кузатилди.

Бу инқирозни «юлдузлик касали»га йўйганлар ҳам кўпчиликни ташкил этди. Шундай қисматни бошидан ўтказган ҳужумчи Темур Ҳакимов яқинда uz24.uz сайтига интервью бериб, ҳамкасбимизнинг турли мавзудаги саволларига жавоб қайтарди.

- Темур, бора-бора футбол оламида сизнинг номингиз эшитилмай қолди. Сиз ҳақингиздаги «футболни тарк этган» деган гаплар қай даражада асосли?

- Одамлар гапираверади (жилма­йиб). Лекин бу мен ҳақимда тарқалган асоссиз гаплар, шунчаки. Худога шукр, унақа бўлмади, бўлмайди ҳам.

- Футболда бир муддат яхши натижалар кўрсатдингиз. Ваҳоланки, буни давом эттиришингиз мумкин эди. Қолаверса, сизни барча футбол мухлислари жаҳон чемпионати (U-17) орқали таниди. Баъзилар сизга ўзбек футболи келажаги дея баҳо берганди ўшанда.

Бироқ ўзингиз тўп сурган клубларда етарли даражада муваффақият қозондингиз, дейиш мушкул. «Футбол оламида тез порлаб, тез сўнди» қабилидаги фикрларни қандай изоҳлайсиз?

- Тўғри, бир муддат болалар футболида ўзимни яхши кўрсата олдим. Лекин профессионал футбол билан болалар футболи ўртасидаги фарқ жуда катта. Шунингдек, ўйиндаги масъулият ҳам. Бирор-бир клубда ўзимни етарли даражада кўрсата олмаганимни тан оламан.

Буларнинг барига ўзим айбдор эканлигимни биламан. Сабаби, бу менинг ўша пайтлар ҳаётдаги нотўғри яшаш тарзим, юлдузлик касаллигига чалинганлигим билан боғлиқ, десам тўғри бўлади. Чунки бундай паллада инсон ўзига ортиқча баҳо бериб юборади.

Кўча-кўйда сизни ҳамма танийди, мақтовлар эшитасиз. Ўша пайтларда ўзимни бош­қача ҳис қилардим. Бироқ ҳеч қачон бесабаб бирорта машғулотни ўтказиб юбормаганман. Ўшанда анча ёш эдим ва ҳамма танигани учунми, ўзимни зўр футболчи бўлдим, деб ҳисоблардим.

Ҳаммаси зўр бўлади, мени четга жўнатишади, деб ўйлардим. Лекин ундай бўлмади ва шу ерда қолишимга тўғри келди. ЎФАда ишлайдиган Олим Арифов деган киши бор, у киши менга Қатардан клуб топиб берганди. Қишда «Олмалиқ»қа қарши сунъий майдонда ўртоқлик учрашуви ўтказдик.

Ўйиндан кейин билсам, Қатардан менга самолёт чиптаси юборишган экан. Кетаман деб жуда хурсанд бўлганман. Аммо Самвел Бабаян «Бу таклифни рад қил, сен «Пахтакор»да қоласан», деган. Кейин мажбурликдан қолдим ва ўша мавсум ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда 90 дақиқача ўйнадим.

Футболда халқни алдаб бўлмайди. Бунинг учун футболчи ўзини машғулотларга тўлиқ бахш этиши керак. Шу орқалигина у ютуққа эриша олади. Агар одам юлдузлик касалига чалиниб, ўзига юқори баҳо бериб юборса, ўз-ўзидан мағлубият томон қадам босганини сезмай қолади.

Ёшларга маслаҳатим - ҳеч қачон юлдузлик касалига чалинманг. Фақат шуғулланиш, нималарга қодирлигини майдонда кўрсатиш керак.

- 2010 йил Тошкентда Осиё чемпионати U-16 бўлиб ўтганди. Ўша мусобақада сиз тўпурар бўлгансиз. Турнирдан қандай хотиралар қолган?

- Бу мен учун илк катта турнир эди. Шундай бўлдики, Худонинг хоҳиши билан ғалаба қозондик ва турнирнинг энг яхши ўйинчиси, деган эътирофга сазовор бўлдим. Шуларни ҳисобга олганда, ушбу мусобақадан ижобий хотиралар қолган.

- Жаҳон чемпионати-2011дан сўнг сиз билан бир қатор Европа клублари қизиқиб қолган эди. Ўшанда Европага йўл олишингиз нима сабабдан амалга ошмай қолди?

- Таклифлар бўлганлигини биламан ва бунда ҳеч ким айбдор эмас. Шунчаки, «Пахтакор» клуби мени қўйиб юборишни истамади, деб ўйлайман.

- Мексика қаҳрамонлари орасида қайси футболчи айни пайтга келиб кутилган даражада ўйнаб кетди, деб ҳисоблайсиз?

- Сардор Собирхўжаев. У ҳозир «Пахтакор»да тўп суряпти, жамоа етакчиларидан бири. У мен учун кучли футболчи ҳисобланади, кўпинча яхши жамоаларда ўйнайди. Қолаверса, футбол майдонида ўз ҳаракатларини яхши назорат қилади, ўйин темпини ушлай олади.

Ўтган йили Сардор чемпионатимизнинг энг яхши ассистентларидан бири бўлди. Сардор Раҳмонов ҳам ҳимояда яхши ўйнайди, голлар уради. Мудофаа чизиғи вакили бўлишига қарамай, ҳужумларни яхши бошлайди.

Бугунги кунда Одил Аҳмедовни Ўзбекистоннинг энг кучли футболчиси деб биламан. Ўзимизнинг чемпионатда бунақа футболчи ҳозир йўқ. У миллий жамоамиз етакчиси. Нафақат футбол майдони, балки унинг ташқарисида ҳам Одил Аҳмедовни яхши биламан.

Айниқса, ўйин давомида қийин жараёнлар юзага келганда, вазиятни ўнглаш учун бор масъулиятни ўз зиммасига олишдан чўчимайди. Жуда тезкор ва кучли техникага эга.

- Айни дамда «Қўқон-1912»да тўп сураётган экансиз. Айтинг-чи, бу жамоага қандай қилиб келиб қолдингиз, клуб аъзолари қандай кутиб олишди? Умуман, жамоадаги муҳит сизга маъқул бўляптими?

- Бош мураббий Нўъмон Ҳасанов билан у «Пахтакор»да фаолият юритаётган вақтларидан бери танишмиз. Ўтган йилнинг декабрида у киши билан телефон орқали боғланиб, мени ушбу жамоага олишларини сўраганман. Чунки ўша пайтларда менда бош­қа вариантлар йўқ эди.

Нўъмон Ҳасанов билан кўришдик, машғулотларимни кўрди. Мен ҳам ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Нўъмон акага катта раҳмат, жамоага қабул қилинишимда ёрдамлашди, менга яна имконият берди. Ҳозир ёшим катта бўлиб қолди, энди муҳим ўйинларда ўзимни кўрсатишим керак.

«Қўқон-1912» сафида ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Жамоа аъзолари билан худди ака-укадекмиз. Бунақа аҳиллик камдан-кам учрайди. Клуб эришаётган ютуқлар ҳам ёмон эмас. Мен учун яхши танлов, мазкур жамоада тўп сураётганлигим менинг омадим, десам тўғри бўлади.

- Оилангиз ҳақида кам гапирасиз. Бир пайтлари севган қизингиз бор эди. Лекин ҳалигача оила қурмадингиз...

- Оилада беш кишимиз - мен, бувим, бувам, онам ва акам. Тўғри, бир пайтлари севган қизим бор эди. Муносабатларимиз тугаганига анча бўлган. Шахсий ҳаёт масаласида эса ҳозирча ўйламаяпман. Мен учун ҳаёт мазмуни бу — футбол. Ўзим кутган натижаларга эришиш ҳозирги кундаги асосий мақсадимдир.

- Осиё чемпионати пайтида терма жамоадаги муҳит ҳақида нималар дейсиз?

— Зўр даврлар эди. Мен ҳалигача мураббийимиз Аҳмаджон Мусаев билан гаплашиб тураман. Жуда аҳил жамоа тузилганди. Майдонга қайси таркиб тушмасин, ҳаммамиз жипслашиб, фақат ғалаба учун ўйнардик.

Ўйиндан олдин футболчилар доира бўлиб турарди, ўшанда Аббос Махситалиев айтарди: «Болалар, охиригача ўйнаймиз, жонимизни берсак ҳам шу майдонда берамиз, лекин ғалаба қозонамиз». Жамоамизда турли миллат вакиллари бўлса-да, ҳаммамиз бир оила эдик.

Битта хонага йиғилиб, ўзбекча концерт ёки кино кўрардик. Кўпчилик Аббос иккаламизни жуда қалин дўст деб билади. Жамоада ҳамма бир-бири билан аҳил эди. Фақат Махситалиев иккаламиз олдинда ўйнаганимиз учун мухлислар бизни кўпроқ гапирарди.

Одамлар гол урадиган футболчиларга кўпроқ эътибор қаратишади. Аслида ҳамма жойда шунақа. Осиё чемпионати чорак финали доирасидаги Сурия термасига қарши баҳсда Сардор Раҳмонов очиқ дарвозага кириб кетаётган тўпни қайтарганди.

Жанубий Корея билан кечган беллашувда ҳам ўзини кўрсатган. Аммо унинг қаҳрамонликларини ҳозир кўпчилик эсламайди.

- Бўш вақтларингизда нималар билан машғул бўляпсиз?

- Ҳар куни машғулотларга икки соат ажратаман. Қолган вақтларда уйда ўтириб, ҳар хил ўйинларни кузатаман. Бўш пайтимда ўртоқларим билан кўришамиз. Кечки вақтларда кўчага чиқмайман. Асосий вақтим уйда ёки стадионда, машғулотлар билан ўтади.

- Ўзингиз қайси клуб мухлисисиз?

- Футболга кириб келган пайтларимдан буён «Манчестер Юнайтед» жамоаси ўйинларини мунтазам равишда кузатиб келаман.

- Адашмасак, Германиянинг қайсидир клубига трансфер қилинишингиз керак эди?

- Ҳа, мен билан «Штутгарт» қизиқиб кўрган. Ўшанда «Пахтакор» жамоаси аъзоси эдим. Лекин жаҳон чемпионатидан сўнг нима бўлганлиги, менинг тақдирим масаласида қандай келишув амалга ошганидан хабарим йўқ. Бу борада жамоа раҳбариятининг ўзи қарор чиқарган.

- Яна шундай таклифлар бўлса, ўйлаб курасизми?

- Албатта, ўзимни хориж клубларида синаб кўришни истайман. Аммо бунинг учун аввал Ўзбекистондаги жамоада тўп суриб, яхши натижалар кўрсатишим керак. Қолаверса, айни дамда асосий мақсадим ҳам шу — миллий жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатига чиқиш.

«Қўқон-1912» клубида ўзимни кўрсатиб, унинг ютуқларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

 

Нўъмон Ҳасанов («Қўқон-1912» бош мураббийи): - Ҳакимовни анчадан бери биламан. Менга телефон қилиб, «Нўъмон ака, иложи бўлса, мени жамоангизда синовдан ўтказинг», деб сўради. Кейин чақирдим, кўрдим, машғулотларда астойдил тер тўкмоқда. Анча ўзгарибди.

Футболчилар ҳам кўришмоқда, Темур жуда меҳнаткаш футболчига айланган. Тўғри, унинг ҳозирги жисмоний ҳолати 45 дақиқа ўйнашга йўл қўймайди. Лекин шу йўсин давом этса, ишласа, тез орада спорт формасини тиклайди. Бунинг учун вақт керак.

Унинг техникаси ҳали ҳам ўзгармаган, жуда кучли, ажойиб. Менга унинг машғулотлардаги ҳаракати ёқмоқда. Шу боис ҳам уни жамоада қолдирдим. Балки менинг ўрнимда бошқа мураббий бўлганида, бундай қилмасмиди, лекин унга имконият бердим. Ҳакимов ҳали ўз сўзини айтиши мумкин.

Манба: Stadion
Киритилди: 08:57, 05.04.2019.
Ўқилди: 4410 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.