2019 йилги мавсумдан бошлаб ЎзПФЛ лицензиялаш талабларига жавоб берувчи футбол клублари ўртасида Ўзбекистон Лига кубоги мусобақасини ташкил этади. Тақвимда мазкур мусобақа ўйинлари учун алоҳида кунлар белгиланган.
Мусобақада Суперлиганинг 14 та, шунингдек, А Про-лиганинг “Машъал” ҳамда “Шўртан” клублари иштирок этади. 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон кубоги мусобақасида иштирокчилар сони айнан лицензиялаш талабларидан келиб чиқиб белгиланади, Лига кубогида эса ЎзПФЛ тасарруфидаги мусобақаларда иштирок этаётган барча футбол клублари ўйнаш имкониятига эга бўлади. Зеро, Ўзбекистон кубогида ғолиб чиққан жамоада Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмасини ютиб олиш имконияти мавжуд. Шундай экан, лицензиялаш талабларига жавоб бера олмайдиган клубларнинг мазкур мусобақада иштирок этишига келаси мавсумдан бошлаб йўл қўйилмайди.
Лига кубогининг 16 жамоаси 4 та гуруҳга ажратилади. Жамоалар гуруҳ босқичида 3 тадан учрашувда иштирок этади. Беллашувларнинг қайси майдонларда ўтишини қуръа жараёни аниқлаб беради. Ҳар бир гуруҳда дастлабки икки ўринни эгаллаган жамоалар чорак финал йўлланмасини қўлга киритади. Кейин ярим финал ва энг сўнгида финал ўйини. Гуруҳ босқичи 31 май санасида старт олади.
Ўзбекистон кубогида бўлгани каби, Лига кубоги учун қуръа маросими ҳам жонли намойиш этилади.
Қуръа ташлаш маросими пайшанба куни соат 19:00да Спорт телеканали орқали эфирга узатиладиган “Гол” кўрсатуви вақтида бўлиб ўтади.