Чемпионлар Лигаси финалига «Ливерпуль» йўл олди. Ўтган йилги финалдан сўнг кимдир Клопп жамоаси кейинги мавсумда ҳам ЕЧЛ финалига етиб боради деса, бунга ишониш қийин эмасди.
Лекин ярим финалнинг илк ўйинида Барселонада 0:3 ҳисобида ютқазган, жавоб учрашуви олдидан асосий етакчиларисиз қолган мерсисайдликларни финалга чиқади деб ўйлаш эртакка ўхшаб қолди.
Мессининг бир қарашда «Ливерпуль»ни синдирган жарима зарбаси, Суареснинг супер формада экани, «Барселона»нинг Испанияда чемпионликни нақд қилиб, бор эътиборни Чемпионлар Лигасига қаратгани, Англиядаги ўйинда Муҳаммад Салоҳ, Роберто Фирмино ва Набил Кейтанинг майдонга тушмагани — буларнинг ҳаммаси жавоб баҳсида каталонияликларнинг имкониятлари юқорилигини кўрсатарди.
Аммо «Ливерпуль» етакчи футболчиларисиз айни дамда дунёнинг энг зўр жамоасидек кўринаётган «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгиб, фантастик камбэкни амалга ошира олди. Клопп жамоасининг буюк ғалабаси ҳақида кўп гапирилди, бу чиндан ҳам бутун футбол тарихидаги энг эсда қоларли камбэклардан бири бўлди. Аммо шу ўринда савол туғилади: нега «Барселона» қаторасига иккинчи мавсумда камбэклар қурбони бўлмоқда? Таркибида дунёнинг энг зўр футболчиси ўйнаётган жамоага нима етишмаяпти? Қуйида шу ҳақда мулоҳаза юритамиз.
Рим оқшомлари...
Рим «Барселона» учун омадли шаҳар эди. 2009 йил Гвардиола шогирдлари айнан Римда «МЮ»ни енгиб, Чемпионлар Лигаси бош совринини қўлга киритишганди. Месси Роналдуни мағлуб этганди ўша финалда. Аммо ўтган мавсумда Рим Месси ва жамоадошлари учун омадсиз шаҳарга айланди. «Рома» ЕЧЛ чорак финалининг биринчи ўйинида «Барселона»га 1:4 ҳисобида имкониятни бой берганига қарамай, ўз майдонида 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб, каталонияликларни мусобақадан чиқариб юборганди. Ўша мағлубиятли ўйин билан кечаги «Ливерпуль»га қарши ўйин бир-бирига жуда ўхшайди.
Биринчидан, ҳар икки ўйинда «Барселона»нинг имкониятлари анча юқори деб баҳоланганди. Иккинчидан, «Барселона» икки қарама-қаршиликда ҳам биринчи ўйинда учта гол фарқи билан ғалаба қозонганди. Учинчидан, «Барселона»ни мағлуб этган икки жамоа дарвозасида ҳам Алисон Бекер ўйнади.
«Рома» ва «Ливерпуль» билан ўйинлардаги мағлубиятлар бир-бирига сценарий борасида ҳам ўхшайди. Римда ҳам, Ливерпулда ҳам «Барселона» биринчи голни ўйин аввалида, ҳал қилувчи голларни ўйин якунида ўтказиб юборди. Иккита ўйинда ҳам гол уриши керак бўлган «Барселона» босим қила олмади. Ла Лигада ҳар мавсумда ўнлаб ўйинларда қийин вазиятлардан чиқиб кетган «Барселона» энг керак паллада, Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи босқичларида гол уриши керак бўлган вақтда ҳеч нарса қила олмаяпти.
Кучсиз характер
Фото: Gettyimages.ru/Shaun Botterill«Барселона» Гвардиола даврида Европанинг энг зўр жамоасига айланди. Ўз таркибида супер ижрочиларни жамлаган «Барселона» ҳар қандай жамоа учун қўрқинчли рақибга айланди. Пепнинг «Орзулар жамоаси» мега даражадаги юлдузлари ва бошни айлантирадиган даражадаги чиройли ўйинидан ташқари кучли характерга эгалиги билан ҳам ажралиб турарди. Аммо Вальверденинг «Барселона»сида ана шундай характер кўринмаяпти.
«Манчестер Сити»нинг «Бёрнли» ва «Лестер»га қарши охирги икки ўйинини кўрсангиз, унда Гвардиола жамоаси супер характер кўрсатганига гувоҳ бўласиз. «Манчестер Сити» айнан кучли характер ҳисобига Англияда «монополия ўрнатиб олди». Пепнинг жамоаси жуда кўп қийин ўйинларни ютди.
Эрнесто Вальверде яхши мураббий, унинг жамоаси тартибли ўйин кўрсатади, хоҳласа куч тежаб ғалаба қозона олади, лекин унинг «Барселона»си керак вақтда «ёна олмайди». Тўғриси, мураббийнинг характери жамоасига ҳам ўтиб қолади. Масалан, Клопп ҳар қандай хотиржам футболчини ҳам майдонда «ёнадиган» жангчига айлантира олади.
ЕЧЛни кетма-кет 3 марта қўлга киритган «Реал» ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Зиданнинг «Реал»ида Ла Лигада ҳеч нима қила олмайдиган Гарет Бэйл Чемпионлар Лигаси финалида акробатик гол уриб, қаҳрамонга айланиши мумкин. Марко Асенсио ҳам қолган ўйинларда ўзини кўрсата олмаслиги мумкин, лекин ЕЧЛ финалларида у супер ҳужумчига айланиб кетади.
Вальверденинг «Барселона»сида мана шундай характер етишмади. Клуб раҳбарияти буни тўғри англаб, Артуро Видаль ва Кевин-Принс Боатенг каби қони қайноқ футболчиларни сотиб олди. Фақат Видалнинг трансфери ўзини оқлади, аммо мураббий ундан тўғри фойдалана олмаяпти.
«Барселона»га Карлес Пуйоль каби футболчи ҳам етишмаяпти. Худди бугунги «МЮ»га Пол Скоулз каби футболчи етишмаётгани каби. Тўғри, футболда тактика, индивидуал маҳоратнинг ўрни беқиёс, аммо Чемпионлар Лигаси ярим финали каби ўйинларда жангчилар майдонга чиқиши керак. Жоржиньо Вейналдум каби одатда қора ишларни қилиб юрадиган таянч зонасидаги жангчилар, Дивок Ориги каби бутун мавсум асосан захирада ўтириб катта ўйинларда порлайдиган жангчилар.
«Барселона»га охирги икки мавсумда мана шундай жангчилар етишмади. Узоқ давом этадиган Ла Лигани жамоа супер ижрочилари билан осонгина ютиб кетиши мумкин, лекин Чемпионлар Лигаси плей-оффидаги икки ўйиндан иборат «жанглар»да бошқачароқ ўйнаш керак. Албатта, Месси каби Чемпионлар Лигасини 4 марта ютиб қўйган футболчиларга бу мусобақани қандай ютишни ўргатиш шарт эмас, аммо «Барселона» бошқача ўйнашни бошламаса, Европани ҳали бери забт эта олмайди. Чемпионлар Лигасини ютиш «Барселона» учун қанчалик муҳимлигини англаш учун мусобақанинг охирги учта мавсумида ким ғолиб бўлганига боқиш кифоя. Ҳа, «Барселона» азалий рақиби «Реал»нинг олдида тили қисиқ бўлмаслиги учун ҳам бу мавсум Чемпионлар Лигасини ютиши керак эди.
Клуб раҳбарияти ўтган мавсумда Вальвердени кечирди, лекин «Ливерпуль» билан ўйиндаги мағлубиятдан сўнг раҳбарият Вальверде масаласини кўриб чиқса керак. «Барселона»ни «орзулар жамоаси»га айлантирган йигитлар ҳам икки йилдан буён такрорланаётган омадсизликни оғир қабул қилгани аниқ. Ким билсин, балки Хави «Барселона» мураббийига айланар, балки Иньеста, балки Пуйоль клубга ёрдам беришга шошилар? Балки Германия ва Англияга «командировка»га боришга улгурган Гвардиола севимли жамоасига қайтар. Хуллас, «Барселона» нимадир қилиши керак. Акс ҳолда ҳал қилувчи катта ўйинларда жамоани Вальверде айтганидек босиб, ўтиб кетаверишади...