Бугун 76 ёшини нишонлаётган "Пахтакор" афсонаси ҳақида китоб чоп этилди.
Футбол ҳақида 30дан ортиқ китоблар муаллифи Владимир Сафаров ва Сергей Данилов томонидан биргаликда ёзилган "Ўзбек футболи афсонаси" китоби Биродар Абдураимов 76 ёшини қарши олаётган кунда китобхонлар эътиборига тақдим этилди. Унда футболимиз афсонасининг футболга кириб келиши, ҳаёти, ўйинчилик ва мураббийлик фаолияти, у ҳақида турли инсонларнинг фикрлари ўрин олган.
Биродар Абдураимовнинг ўзи ушбу тақдимотда қуйидаги фикрларни билдирди:
- Ёшлигимда кураш бўйича мамлакат чемпиони бўлганман ва кейинчалик олдимда футбол ёки курашдан бирини танлаш масаласи турарди. Мен футболни танлашга қарор қилдим. Эски шаҳарда яшаганман, оиламизда етишмовчилик бўларди. Агар кун бўйи футбол ўйнамаган тақдиримда безори бўлиб кетишим ҳеч гап эмасди. Футболни танлаганим, меҳнат қилганим туфайли мамлакат терма жамоалари сафида ўйнаш насиб қилди. Яқиндагина бир ишқибоз мен уч гол урган учрашувдан кейин чоп этилган газетани сақлашини айтганда жуда хурсанд бўлиб кетдим. Мени футбол сабабли ҳамон эслайдиганлар кўп, демак бекорга яшамабман. Футболни танлаганимдан бахтиёрман. Барчани кўриб турганимдан хурсандман ва бу ерга келганингиз учун катта раҳмат.
Тақдимот якунида муаллиф ва футболимиз афсонаси йиғилганларга китобни дастхатлари билан тақдим этишди.