Тошкент шаҳар жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан пойтахт ёшларини спорт қизиқтириш мақсадида “Спорт юлдузининг кутилмаган ташрифи!” лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Унга кўра юқори натижаларга эришган, профессионал спорт юлдузлари кутилмаганда таълим муассасаларига ташриф буюриб, ёшлар билан учрашадилар.
Жорий йилнинг январь ойида лойиҳанинг илк иштирокчи-меҳмони - бокс бўйича Олимпия ўйинлари ғолиби Фазлиддин Ғоибназаров Олмазор туманидаги 224-мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашган эди.
Кейинчалик яна бир қатор машҳур спортчиларимиз мазкур лойиҳада иштирок этишди. Шунингдек, 5 май куни “Экопарк” ҳудудида “Спорт юлдузлари пойтахт ёшлари билан” шиори остида оммавий спорт тадбири ўтказилди.
Кеча, 16 май куни Олимпиада ва жаҳон чемпионати совриндори, профессионал боксда “WBA InterContinental” камари соҳиби Муроджон Ахмадалиев ҳамда жаҳон чемпионати совриндори, икки карра Осиё чемпионати ғолиби, профессионал боксда “NABF Junior” титул камари соҳиби Баҳодир Жалолов Учтепа туманидаги 74-мактабга ташриф буюришди.
Байрамона руҳда ўтган учрашувда чемпионларимиз ёшлар билан самимий суҳбат қуриб, уларни қизиқтирган барча саволларга жавоб беришди. Спортнинг фойдали жиҳатларини ўз мисолида исботлаб берган маҳоратли боксчиларимиз, ўғил-қизларга жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш бўйича ўз тавсияларини ҳам беришди.
Тадбирга шунингдек, тумандаги спорт секциялари тарбияланувчилари таклиф этилиб, улар тенгдошларига ўз маҳоратларини ва эришган натижаларини намойиш этишди.
Ушбу лойиҳа ҳам Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та ташаббусдан бири бўлган ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб қилиш ишларини жадаллаштиришга қаратилган.