Бугун, 22 май куни турли ижтимоий тармоқлар орқали таниқли мутахассис, ўз вақтида “Пахтакор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоаларини бошқарган Самвел Бабаян Тошкентнинг “Локомотив” клубига бош мураббий этиб тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Бундай хабарларнинг тарқалишига сабаб, сўнгги вақтларда темирйўлчиларнинг на ички, на халқаро майдонда ишлари юришяпти. Бу эса табиийки жамоа мухлислари ва клуб раҳбариятини қониқтирмаяпти.
Бироқ, “Локомотив” клуби расмийлари ҳамда Самвел Бабаяннинг шахсан ўзи Worldnews.uz ахборот агентлигига маълум қилишича, ушбу хабарлар ҳали тасдиқ топмаган. Бабаян бу борада ўзида истак борлигини лекин ҳозирча мураббийликга қайтишга тайёр эмаслигини айтди.
“Ҳозирча мен қандайдир лавозимга кўтарилмадим. Чунки ўзим бунга қаршилик билдирдим. Замонавий тилда айтганда “пауза” бердим.
Мураббий бўлишни истайман, аммо ҳар нарсанинг ўз вақти келади. Шундай экан мен ҳозирча “Локомотив”да мураббий эмасман. Бундай норасмий хабарларга ишонмасликларини сўраган бўлар эдим”, - дейди Бабаян.
“Локомотив” клуби расмийларининг таъкидлашича, мураббий Андрей Фёдоров истеъфога чиқарилмаган. Темирйўлчиларни Ўзбекистон Суперлигаси 10-тур учрашувлари доирасидаги “Насаф”га қарши сафар ўйинига айнан Фёдоров бошқариб боради. Мазкур ўйинда қайд этилажак натижа кўп жиҳатдан Фёдоровнинг келгуси тақдирига ойдинлик киритиб беради.
Шундай экан, Самвел Бабаян бугун бўлмаса кейинроқ “Локомотив” бош мураббийига айланиб қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Маълумот ўрнида, Андрей Фёдоров 2018 йилнинг апрель ойида Андрей Микляев ўрнига “Локомотив” бош мураббийи этиб тайинланган эди.