«Реал» сардори Серхио Рамос клубни тарк этиб, бошқа жамоа таклифини қабул қилиш ҳақида бош қотирмоқда. Бу ҳақда El Chiringuito журналисти Хуанфе Санс хабар тарқатди.
Якунланган мавсум давомида клубда рўй берган баъзи ишлар Рамосга ёқмади. Жумладан, мадридликлар "Аякс"га ютқазиб қўйиб, Европа чемпионлар лигасини тарк этганидан кейин 33 ёшли футболчи кийиниш хонасида клуб президенти Флорентино Перес билан уришиб қолган.
«Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» клублари бир неча йиллардан бери футболчига қизиқиш билдириб келади. Ҳар сафар улар рад жавобини олган бўлса, бу сафар вазият ўзгариши мумкин.
Рамос ҳозирча ўзининг мақсадини «Реал» раҳбариятига маълум қилмади. Унинг жамоа билан амалдаги шартномаси 2021 йилнинг июнь ойига қадар тузилган.
Якунланган мавсумда футболчи барча мусобақалар доирасида 42та ўйинда майдонга тушиб, 11та гол урди ва 2та голга узатма берди.