Хабарингиз бор, Испания суперкубоги мусобақаси 2020 йилдан бошлаб янги форматда — "Тўртлар финали" принципи асосида ўтказилади. Унда Ла лига чемпиони ва вице-чемпиони, Испания кубоги ғолиби ва финалчиси иштирок этади. Агар бир ёки икки жамоа ҳам Примера, ҳам Кубок орқали йўлланмани қўлга киритса, уларнинг ўрни Ла лигада юқорироқ ўринни эгаллаган жамоа билан тўлдирилиши белгилаб қўйилган эди.
Демак, 2018/2019 мавсум якунига кўра:
— "Барселона" (Испания чемпиони),
— "Валенсия" (Испания кубоги ғолиби),
— "Атлетико" (Ла лигада 2-ўрин),
— "Реал Мадрид" (Ла лигада 3-ўрин)
клублари Испания суперкубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишди.
Дастлабки режага кўра, Суперкубокнинг ярим финалида Ла лига чемпиони ва Кубок финалчиси ҳамда Кубок ғолиби ва Примерада 2-ўринни эгаллаган жамоа (ёки унинг ўрнини эгаллаган клуб) ўзаро тўқнаш келиши керак эди. Аммо ушбу форматда келтирилган — Ла лига чемпионлиги ва Испания кубоги финалчиси битта жамоа — "Барселона" бўлгани учун Испания футбол федерацияси ярим финалга қуръа ташлашга қарор қилди.
Демак, қуръадан олдин "Барселона" ва "Валенсия" клублари бир саватчадан ўрин олишади. "Атлетико" ва "Реал Мадрид" уларга рақиблик қилишади. Қуръа қачон бўлиб ўтиши ҳақида Федерация ҳозирча маълумот бермади.
Суперкубок бундай форматда илк марта 2020 йилнинг январь ойида ўтказилади. 8 ва 9 январь кунлари ярим финал, 12 январь куни эса финал баҳси ўтказилади. Мусобақа Саудия Арабистонида ўтказилиши кутилмоқда.