Жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинлари каби йирик спорт мусобақаларида атлетларимизнинг қўлга киритадиган натижаси уларга яратиб бериладиган шарт-шароитларга боғлиқ. Мустаҳкам ва замонавий моддий-техник базага эга федерация спортчилари халқаро мусобақаларда ҳамиша юқори натижалар кўрсатиб келишади.
Бугун пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган Олимпия заҳиралари мактаб интернатида (РИОЗМИ) спортчиларнинг яшаши, шуғулланишлари учун яратилган шароитлар мавзусига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишни МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президентининг маслаҳатчиси Назиржон Худойқулов олиб боришди. Йиғилишда даставвал ҳар бир федерациядаги шароитларни ўрганишга бириктирилган масъул вакилларнинг ҳисоботи тингланиб, олдинда қилиниши керак бўлган ишлар юзасидан кўрсатмалар берилди.
“Барчангизга маълум, Токио Олимпиадасига ҳам оз фурсат қолди. Ҳали ҳеч бир Олимпиаданинг тайёргарлигига ҳукумат томонидан бунчалик катта эътибор қаратилмаган. Биз ҳам шунга муносиб ишлашимиз керак. Спортчиларнинг шуғулланишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Шу билан бирга замонавий қулайликларга эга бўлган базаларни, энг мустаҳкам ва чидамли спорт анжомларини кўпайтиришимиз лозим”, – деди Назиржон Худойқулов.
Шундан сўнг мутасаддилар РИОЗМИда камондан отиш бўйича терма жамоа вакиллари учун қурилган ва бошқа спорт турлари учун қурилаётган янги объектларни кўздан кечиришди. Айниқса, сузувчилар учун қад ростлаган янги турар жой кўпчиликнинг эътиборини тортди. Замонавий шароитларга эга бу бино бир вақтнинг ўзида 50 дан ортиқ спортчини қабул қилиши мумкин. Эътиборингизга воқеа жойидан олинган фотосуратларни ҳавола қиламиз.