«L'E Quipe» нашри «ПСЖ» ва Франция терма жамаоси ҳужумчиси билан қизиқарли интервью қилишга муваффақ бўлди. Биз бу интервьюни сиз азизларимиз учун таржима қилдик.
Киллиан, сен ер юзидаги минглаб болакайларнинг орзусидаги футболчисан. Уларга қарата нималар деган бўлар эдинг? Қандай маслаҳатлар бера оласан?
- Биринчидан, бу билан фахрланаман. Сабаби, мен ҳам бир вақтлари уларнинг ўрнида эдим. Мен жуда кўп орзу қилар эдим ва мана ўз орзуйимга етишиб ўтирибман. Улар учун намуна бўлганимдан жуда хурсандман. Сабаби, мен ҳам улар каби тинимсиз футбол ўйнашни ёқтирар, футбол учун вақтимнинг ҳаммасини бағишлар эдим. Дўстларим, акаларим билан футбол ўйнаш учун исталган имкониятдан фойдаланиб, доимо профессионал футболчи бўлишни нийят қилардим. Мана бу амалга ошди, лекин бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Доимо бор эътиборимни футболга қаратган ҳолда, ўсишда давом этишим зарур. Кучлилар орасида тенгсиз бўлиш осон эмас. Агарда сен чалғиб қолсанг, тамом деявер. Сендан бир зумда илгарилаб кетишлари аниқ! Сабаби, ер юзида иқтидорли футболчилар талайгина топилади
Сен ёшлигингда тинимсиз футбол томоша қилганинг ҳақида аввалги интервуларингда ҳам айтган эдинг. Сен учун ҳамма замонларнинг энг яхши футболчиси ким?
- Бу жуда қийин савол. Футбол тинимсиз ўзгариб бормоқда. Бундан 20 йил аввал бу саволга Пеле деб жавоб берган бўлар эдим. 10 йил аввал эса Марадона. Ҳозирги кунга келиб Месси ва Роналдуни қайт этиш зарур. Тўғриси, улардан бирини танлаш жуда мушкул. Сабаби, агарда сен кимнидир танласанг, қолган афсоналарни ўчириб ташлашинга тўғри келади. Бу инсофдан эмас. Менга шу савол билан кўп мурожаат қилишади. Мен эса ҳар сафар билмайман деб қутилман. Юқорида айтилганидек, улардан бирини танлаш орқали қолганларини унутмоқчи эмасман.
Кел унда саволни бошқачароқ қўйман. 80- йилларга қадар энг кучли футболчи ким эди? Ундан кейинги йиллар давомидачи?
- (Кулади) 80-йилларга қадар Пелени танлайман. Сабаби у 3 бор ЖЧда ғолиб чиқишни уддалаган. Бундай натижа билан Пеледан бошқа ҳеч ким мақтана олмайди. Боз устига, у ўз кариераси давомида жуда кўп гол урган ва орадан 50 йил ўтган бўлсада уни хурмат қилишади. 80-йиллардан сўнг (ўйланиб) Роналду, Месси, Зидан, Роналдино! Буларнинг барчаси ўзлари билан футболга янгилик олиб кира олишни уддалаганлар. Бу исмларни футбол олами ҳеч қачон ёдидан чиқариб юбормайди. Шундай экан, мен айнан шу футболчиларни тенгсиз деб ҳисоблайман.
Айтчи ,Мбаппе футбол тарихида қолиши учун «Олтин тўп» муҳимроқми? ёки «ЕЧЛ»да ғолиб чиқишми?
- Энг асосийси ЕЧЛда ғолиб чиқиш. Сабаби, сен «Олтин тўп» олсангда тарихда қолмаслигинг мумкин , бироқ бу футбол, Теннис эмас. Агарда гап Теннис ҳақида борганида ўйлаб ўтирмасдан «Олтин тўп»ни танлаган бўлар эдим. Футбол оламида ЕЧЛни ютмасдан туриб «Олтин тўп»ни орзу қилиш кулгули ҳолат. Мен биринчи навбатда ЕЧЛда ғолиб чиқмоқчиман. Ундан сўнг «Олтин тўп»ни тақдим этишса, қаршилигим йўқ. Менинг биринчи навбатдаги мақсадим ЕЧЛда ғолиб чиқиш. Қолгани ҳақида ўйлаётганимча йўқ!
Сен камтар ва босиқ инсонсан. Айтчи ҳамма замонларнинг энг кучли футболчиси бўлишни истайсанми?
- Тўғриси, ҳамма замонларнинг энг кучли футболчиси бўлишни сира истамайман. Мен ҳар мавсумда бор эътиборим ва ҳаётимни айнан шу мақсад йўлида қурбон қилмоқчи эмасман. Шунчаки, фаолиятим сўнгида ўтган йилларимга ачинмасам кифоя! Йиллар ўтиб ўз фаолиятимга ташқаридан баҳо берганимда ўзимдан уялмасам, бироз фахр туйғусини туйсам бўлгани. Қолганлари муҳим эмас. Ҳозир қўлимдан келганича ҳаракат қилмоқчиман. Ишонаман-ки, қачондир орзуйимдаги барча совринларни қўлга киритаман.