Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Абдужамол Исроилов: “Жароҳат олганимда йиғлаб юбордим”

Баҳо:
+ | -

Coca Cola Суперлига 11-тури доирасидаги АГМК – “Навбаҳор” (1:1) жамоалари ўртасидаги учрашувнинг илк дақиқаларида наманганликларнинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Абдужамол Исроилов рақиб футболчисининг ишлатган қўполлиги боис, оёғидан жиддий тарзда жароҳат олганди.

Шундан сўнг, Исроилов жарроҳлик столига ётди ва жарроҳлик амалиёти муваффақиятли тарзда якунланиб, оёғига гипс қўйилди.

Ярим ҳимоячи  айни пайтда ўз жароҳатини уйида даволатмоқда.

Бир неча кун олдин “Навбаҳор” ПФК ходимлари ҳамда “Навбаҳор” фан-клуби аъзолари ва жамоамизнинг бир гуруҳ ашаддий мухлислари Абдужамол Исроиловни йўқлаб, ҳолидан хабар олиш мақсадида ярим ҳимоячининг уйига боришди.

Ушбу ташриф  баҳонасида Абдужамол Исроиловдан "Навбаҳор" расмий сайти учун интервью олдик.

— Абдужамол аҳволлар қандай, жароҳат безовта қилмаяптими?
Йўқ, ҳаммаси жойида. 20 июль куни яна бир марта тиббий кўрикдан ўтаман ва шундагина қачон майдонга қайтишим ҳал бўлади.

Айни пайтда Coca Cola Суперлигада давралар оралиғидаги танаффус вақти. Ортда қолган 1-давра баҳслари борасида нима дея оласиз?
Биринчи давра ўйинлари борасида тўхталадиган бўлсам, жорий мавсум баҳсларини унчалик ҳам яхши бошлай олмадик. Дастлабки 3та ўйинда унчалик омадимиз келмади. Кейин секин-аста бир-биримизни тушуниб, 4-турдан сўнг, ғалаба қозонишни бошладик. Кейин эса орада қаторасига 4та баҳсда дурангга эришдик. Худога шукр, сўнгги 2та учрашувда зафар қучиб, 1-давра баҳсларини 3-ўринда якунлашга муваффақ бўлдик.

Биринчи давра ўйинларидан қайсиниси сизда яхши таассурот қолдирди? 

Самарқандда “Динамо”га қарши кечган 6-тур доирасидаги баҳс менда яхши таассурот қолдирди. Боиси, дуранг – 2:2 ҳисобида якунланган ўша учрашув шиддатли ва кескин курашлар остида ўтди.

Тошкентда “Пахтакор”га қарши кечган 8-тур доирасидаги ўйин ҳам анча қизиқарли тарзда ўтганди. Бундан ташқари, ўша учрашувда гол ҳам ургандингиз...
Тўғри, “Пахтакор” билан бўлган баҳс ҳам анча шиддатли ўтди. Аммо ўша учрашувнинг 2-бўлимида яхши ўйин намойиш этиб, якуний ҳисобнинг 2:2 кўриниш олишини таъминладик. Самарқандда эса ҳар икки жамоа очиқ ўйин намойиш этди. Шунинг учун “Динамо”га қарши кечган баҳс менда яхши таассурот қолдирди.

Тўғри, “Пахтакор”га қарши кечган ўйинда урган голим футболчилик     фаолиятимдаги илк гол бўлганлиги билан мен учун анча қадрли. Боиси, Суперлигада 3-мавсум ўйнаётган бўлсам, биринчи голимни айнан ўша баҳсда урдим. Шу боис, тўғриси, ҳаяжонланганимдан голимни қандай нишонлашниям билмай қолдим. Бундан ташқари, ўша голим билан ҳисобни тенглаштиришга ҳам муваффақ бўлгандим. Ҳиссиётларимни таърифлашга сўз ожиз. Суперлигадаги голлар ҳисобимни очганимдан хурсандман ва бунинг давомий бўлишини хоҳлайман.

Жароҳат олганингизда хаёлингиздан нималар кечди?
Тўғриси, ўша вазиятда кўзимдан ёш чиқиб, йиғлаб юбордим. Боиси, жамоа ўйинига анча киришиб кетгандим.Жароҳат олган вазиятда АГМК ҳимоячиси Сардор Раҳмонов менга нисбатан атайин қўполлик ишлатмади, менимча. Шунчаки, тўп учун курашда шундай ҳолат юз берди. Футболда эса бундай ҳолатлар тез-тез юз бериб туради. Сардор ўйиндан сўнг, олдимга келиб, билмай жароҳат етказгани учун афсусланиб, кечирим сўради. Шунингдек, шифохонага ҳам келиб, ҳолимдан хабар олди.

Жароҳат – футболнинг ажралмас қисми. Шунинг учун Сардор Раҳмоновдан хафа эмасман. Ниятим - жароҳатимдан тезроқ фориғ бўлиб, жамоа таркибига қайтиш ҳамда “лочинлар”нинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшиш.

Сизнингча, бу йилги миллий чемпионатимиз ўйинлари қандай ўтмоқда?
Жорий мавсум баҳслари ўтган йилгига қараганда, анча қизиқарли ва кескин курашлар остида кечмоқда. Шунингдек, Наманганда, мухлисларга тўла стадионда ўйнашнинг гашти бошқача.

“Навбаҳор”га янги келган вақтингизда жамоадошларингиз ҳамда мухлислар сизни қандай кутиб олишди? Боиси, ўтган мавсумни “лочинлар”нинг ашаддий рақиби “Нефтчи” таркибида ўтказгандингиз...
Шундай бўлса-да, наманганликлар таркибига келган илк кунимданоқ жамоадошларим ва мухлислар мени яхши кутиб олишди. Шунингдек, жамоамиз сардори  Жаҳонгир ака Меҳмонов билан бирга ўйнаганмиз. У мени қўллаб-қувватлаб, жамоа ўйинига киришиб кетишимда мададкор бўлди.

Бундан ташқари, Жаҳонгир ака менга ўз маслаҳатларини бериб, майдонда хато қилсам, бунга эътибор бермасликка чақириб турди.

Майдонда қайси жамоадошингиз билан бир-бирларингни яхши тушунасизлар?
Аббос Ғуломов билан бир-биримизни яхши тушунамиз.

Отангизнинг айтишларича, жорий мавсум арафасида олдингизда “Навбаҳор”дан бошқа вариантлар ҳам бўлган экан. Айнан “лочинлар” таркибига қўшилишингизга нима сабаб бўлди? Бундан ташқари, мухлислар босимидан қўрқмадингизми?

Тўғри, бу йилги миллий чемпионатимиз бошланиши олдидан менга Coca Cola Суперлиганинг кўплаб клубларидан таклифлар бўлди. Бу борада дадам билан маслаҳатлашдим ҳамда отам уйимизга яқинроқ бўлганлиги боис, “Навбаҳор”га ўтишимни хоҳладилар. Шу боис, наманганликлар таркибига қўшилдим. Шунингдек, “Навбаҳор” мамлакатимиз ҳамда қитъамизда ўз ўрни ҳамда обрўсига эга жамоа саналади.

Мухлислар босимидан эса қўрқмадим, чунки ишқибозларнинг қўллаб-қувватлашлари остида тўп тепишнинг гашти барибир бошқача. Буни бошидан ўтказган футболчигина ҳис қила олади.

Танқидга қандай қарайсиз?
Танқид асосли бўлса, яхши қабул қиламан. Чунки танқид ўсишга туртки бўлади.

Хабарингиз бор, жамоамизга сербиялик мутахассис Деян Журжевич бош мураббий этиб тайинланди. Ушбу мураббий ҳақида нима дея оласиз?

Деян Журжевичнинг “Пахтакор” ва Ўзбекистон терма жамоасида ишлаганини яхши биламан. Худо хоҳласа, жароҳатимдан фориғ бўлиб, жамоа машғулотларига қўшилсам, у ҳақда яхшироқ маълумотга эга бўламан.

Жамоадаги ички муҳит борасида нима дея оласиз? Боиси, бу ҳақда турли гап-сўзлар чиқиб кетди?
Клубимиздаги ички муҳит аъло даражада. Менимча, қаторасига 4та дуранг ўйнаганимдан сўнг, шундай гап-сўзлар чиқиб кетди. Лекин легионерлар ҳамда маҳаллий футболчилар бир-биримиз билан дўстмиз. Орамизда ҳеч қандай бўлиниш йўқ. Масалан, ҳозир ҳам менга барча жамоадошларим қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб туришибди.

Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб, мени шундай қийин кунда маънан, руҳан ҳамда моддий тарафдан қўллаб-қувватлаб турган клуб раҳбарияти ва мухлисларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Бўлажак ўйинларда эса жамоамизга омад тилайман. Ниятим - жароҳатимдан тезроқ фориғ бўлиб, жамоа таркибига қайтиш ҳамда “лочинлар”нинг ғалабаларига муносиб ҳисса қўшиш.

Менга Яратгандан шифо тилаётган барчага катта раҳмат, ҳаммалари соғ-саломат бўлишсин!

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.

Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 18:49, 19.07.2019.
Ўқилди: 2906 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.