Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Мулоҳаза: “Реал”нинг ҳозирги таркиби оптималми?

Баҳо:
+ | -

Мадриднинг “Реал” клуби ўтган сафаргидан фарқли равишда бу сафар трансфер бозорида анча фаол. Аммо ҳозирча рақамда кўринган бу фаоллик тажриба ва сифатда унчалик сезилмаётгандек. “Реал” ҳар мавсумда катта мақсадлар учун курашиши, бугуннинг ўзида совринга эга чиқишга ўрганган клуб эканлигини инобатга олсак, ҳозиргача амалга оширилган трансферлар талабга жавоб бермайдигандек. Биргина Азар бундан мустасно.

Дарвоза чизиғи — мукаммал

Коста-рикалик посбон Кейлор Наваснинг жамоада қолишини инобатга олсак, Зидан дарвоза чизиғи борасида муаммога деч келмайди. Асосий посбон ҳам, иккинчи посбон ҳам тажрибали. Ҳатто захира посбон асосийсидан кучлироқдек кўринади баъзан. Эҳтимол, Зидан Ла Лигада бошқа, ЕЧЛда бошқа посбонни ўйнатар. Мухтасар қилиб айтганда, бу чизиқда трансферга эҳтиёж йўқ.

Ҳимоя — талаб бор

Ҳимоя чизиғи “Реал”да кучайтириш талаб қилинадиган чизиққа ўхшаб кўринмоқда. Ёзги трансферда Эдер Милитао ҳамда Ферлан Мендилар харид қилинди, аммо “қироллик клуби” кураш олиб борадиган фронтлар даражасини инобатга олсак, бу ҳимоячилар ҳали “Реал” байроғини муносиб ҳимоя қилишга тайёр эмасдек. Ҳозирча оптимал тўртлик шаклланган — Рамос, Варан, Карвахаль ва Марсело. Аммо улардан бири жароҳат олган тақдирда уларнинг ўрнига асосий ҳимоячи танлашда Зидан қийналадигандек кўринмоқда. Эҳтимол, янги сотиб олинганлар бизнинг тахминимизни йўққа чиқарар, бу ёғини вақт кўрсатади.

Ярим ҳимоя — тартибга солиш керак

Баъзан футболчиларнинг кўплиги ҳам халал беради. Айни дамда “Реал”нинг ярим ҳимоясида шундай жараён. Бир қарашда иқтидорли, тажрибали футболчилар йиғилгандек. Аммо ўтган мавсум кўрсатиб бердики, “Реал”нинг ярим ҳимоя чизиғига барқарор ўйнайдиган футболчилар керак. Яна бир томони, бу футболчиларни ўйната билиш мураббийга ҳам боғлиқ. Кўрамиз, Зидан, эҳтимол, ярим ҳимоя чизиғини тартибга келтира олар.

Ҳужум — тўпурар йўқ

“Реал”да ҳозирда тўпурар йўқ. Карим Бензема ўтган мавсумда тўпурар бўлгани билан фахрланар балки, аммо жамоанинг ўзи шармандали натижа қайд этган мавсумда тўпурар бўлиш ҳам шармандалик билан тенг. Яъни тўпурарлик клубга фойда бермаса, керак эмас.

“Бавария”га қарши ўртоқлик ўйини кўрсатиб бердики, Бензема яққол вазиятлардан фойдаланишга ҳали-бери мукаммал формага кириши қийин. “Реал”дек жамоага эса яримта имкониятдан ҳам тўлиқ фойдалана оладиган ҳужумчи керак, борини йўққа чиқарадиган эмас. Зидан янги мавсумдаги асосий ҳужум учлигини эълон қилди — Азар, Винисиус Жуниор ва Бензема. Бизнингча, “қироллик клуби” марказий ҳужум чизиғига кучлироқ футболчи олиб келиши лозим. Мбаппени 2020 йилда харид қилиш режаси ҳали хом. Кейинги йил ёзигача нима гап, нима сўз, бу ёғи фақат Яратганга аён. Шунинг учун Зидан ўтган мавсумдагидек шармандали натижа қайд этилмаслиги учун тўпурар олиб келиши лозим. Азар дейсизми? Азар тўпурар эмас, тўпурарга муносиб даражада ёрдам бера оладиган футболчи. У яратадиган вазиятларни голга айлантирадиган ҳужумчи “қироллик клуби” учун жуда зарур.

Хулоса! Хулоса ўрнида, “Реал” ёзда камида битта тўпурар ҳужумчи харид қилиши керак. Агар бу амалга ошмаса, Лука Йовичга кўпроқ имконият берилиши зарур.

 

Қўшимча! “Бавария”га қарши ўртоқлик ўйини кўрсатдики, “Реал”да яхшигина ёш иқтидорлар жам бўлибди. Родригонинг жаримани голга айлантириши бир неча йил олдинги Роналдуни ёдга солди. Кубонинг ҳаракатлари эса Мессини эслатмоқда. Винисиус Жуниор ва Браҳим Диас каби иқтидорлар ҳам “пичоққа ярайдиганлар” сирасига киради. Эҳтимол, шулар орасидан “янги Роналду” чиқар.

Низомжон ИСЛОМОВ

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 15:53, 22.07.2019.
Ўқилди: 9482 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.