Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

“Барселона”да хиралашган юлдузга: “Нега бундай бўлди, қадрдон?”

Баҳо:
+ | -1

Аслида, “Ливерпуль” клубини унча хушламасдим. Балки, “Манчестер Юнайтед”га азалий рақиб бўлгани учундир. Аммо бир нарсани ҳеч қачон инкор этмаганман, бу клуб доим кучли футболчиларни етиштириб берган. Бу жамоада доим ўз ишининг усталари ҳаракат қилган.

“Қадрдоним” билан танишув

“Ливерпул”да менга ўйини ёқадиган футболчилар саноқли. Ҳатто Луис Суарес “қизиллар” сафида порлаган пайтидаям уни хушламаганман. Чунки мени бошқа футболчи — Коутиньонинг ўйинлари мафтун этганди. Балки, узоқдан киритиладиган шедевр голларнинг жинниси бўлганим учундир. Коутиньо “Ливерпул”да ана шундай хатти-ҳаракатлари, ажойиб дриблинглари ва зарбалари билан ўзини футбол оламига танита олганди. Хусусан, менга ҳам. Бразилиялик футболчи “Ливерпул”даги менинг ягона қадрдонимга айланганди. Лекин...

Ялтираб кўринган “сароб”

Коутиньонинг “Барселона”га ўтиш жараёни таъбимни анча хира қилди. Гап унинг “Ливерпул”дан кетиши ва “Барселона”га ўтишида эмас. Гап буни қандай амалга оширганида. Норозиликлар, тўполонлар, исёнкорлик... Бир сўз билан айтганда, тузини еб тузлуғига тупуришга ўхшаган жараён. Қанийди у ҳам Азарга ўхшаб жамоасини рози қилиб кейин кетганида. Аммо Коутиньо бундай қилмаганди. У “Барселона” аталмиш “ялтироқ тилла”нинг жилосига мафтун бўлди. “Кетаман дедимми, кетаман!” деган гапни шиор қилди. Ўтди ҳам. Кўпчилик “Қойил”, деди. “Энди “Барселона” Коутиньо билан кўп нарсани қойиллатади”, деди. Чиндан ҳам ташқаридан шундай кўринарди. Коутиньо иқтидорли, дриблингги яхши, тезкор футболчи, зарбаси ҳам кучли. Бироқ на Коутиньо халқаро майдонда бирор нимани қойиллатди, на уни сотиб олган “Барселона”. Аслида, Коутиньо “Ливерпул”дан кетмаслиги керак эди, бу унинг энг катта хатоси бўлди. Чунки...

“Ёнғоқ чаққан қуён”

Қуён сабзи ейишни қойиллатади. Чунки у бунинг ҳадисини олган, сабзини жуда яхши кўради. Энди шу қуёнга ёнғоқ тутқазиб, шуни чақ, денг-чи, кўрасиз аҳволини. Коутиньо билан ҳам шунга яқинроқ ҳолат кузатилди. “Ливерпул”да рақибларни сабзидек “еб ташлаган” футболчига Каталонияда бошқа вазифа — “ёнғоқ чақиш”ни топширишди. Вальверде Коутиньони ўз позициясида эмас, бошқа жойда ўйнатишга ҳаракат қилди. Филиппедан универсаль футболчи ясашга уринди, унинг янги қирраларини очишга интилди. Аммо ўхшамади. Аксинча, бошқа бир оламга тушиб қолган Коутиньо қанча чиранмасин, ўзини кўрсата олмади. Ўз йўлига, ўз услубига эга футболчи бошқа йўл, бошқа усулга кўника олмади. Оқибатда эса...

Хиралашган юлдуз

Энг ёмони нима, биласизми? Саноқли йил ичида Коутиньо кераксиз футболчига айланди. Бугун “Барселона” уни сотишга тайёр. Бугун “Ливерпуль” уни сотиб олмоқчи эмас. Бир пайтлар жамоада қолишини ўтиниб сўраган “қизиллар” раҳбарияти бугун Коутиньони қайтаришга иштиёқманд эмас. Худди Неймар ва “Барселона” каби. Фарқи Неймар кўргуликларига ўзи сабабчи бўлса, Коутиньонинг омадсизлигида “Барселона”нинг ҳам айби бор (асосан, бош мураббийнинг). Чунки Коутиньо иқтидорсиз ёки тасодифан порлаб қолган футболчи эмасди. Жуда яхши, чаққонгина футболчи эди бизнинг қадрдон. Ҳозир унга қараб фақат бир сўз мияга келади, холос: “Минг афсус”.

Қайси вариант қулайроқ?

Коутиньога “ПСЖ”га ўтишни маслаҳат бермаган бўлардим. Биринчидан, бу клуб халқаро майдонларда ғолиб чиқиш салоҳиятига эга эмас. Ҳар ҳолда, бунга ҳали вақт бор. “Ливерпуль” қулай вариант, аммо Юрген Клопп ва раҳбарият бразилиялик футболчини сотиб олишни унчалик хоҳлашмаяпти, “Манчестер Юнайтед” эса негадир олдига ЕЧЛ ғолиблигини мақсад қилиб қўйган (айни дамда “қизил иблислар”нинг АПЛда ғолиб бўлиш имкониятлари ҳам камроқ) жамоага ўхшамайди. Коутиньода айни дамда иккита қулай вариант бор: ё “Ювентус”, ёки “Манчестер Сити”. Кўрамиз, ишқилиб, бу ёғи нима бўларкин? Ҳар ҳолда, бизнинг қадрдон ҳали кўп нарса қила олишига ишонаман.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: stadion.uz
Киритилди: 18:10, 09.08.2019.
Ўқилди: 14544 марта.
Фикрлар: 11 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.