Жорий йилнинг 18-22 сентябрь кунлари Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати саралаш баҳсларига ҳозирлик олиб бораётган Ўзбекистон U-16 терма жамоаси Тошкентда БААлик тенгқурларига қарши 2 та ўртоқлик ўйини ўтказиши ҳақида хабар берган эдик.
Бугун ҳар икки терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида БАА U-16 терма жамоаси устози Мажид Салим Обаид Касин Алзааби қуйидагича фикрлар билдирди:
- Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан 2 та ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Бу ўйинлар биз учун Осиё чемпионати саралаши олдидан жуда муҳим тайёргарлик вазифасини ўтаб беради. Асосий мақсадимиз – яхши ўйин намойиш этиш. Ўртоқлик ўйинларида натижа иккинчи даражали. Биласиз, саралашда Қирғизистон билан ўйнаймиз. Шу сабабли ЎФА таклифига рози бўлдик. Зеро Ўзбекистон ҳавоси ва иқлими Қирғизистонга анча яқин саналади.
Ўзбекистон билан 3 кун ичида 2 та ўйин ўтказамиз. Осиё чемпионати саралашида ҳам бизни тиғиз тақвим кутмоқда. Шу сабабдан ҳам ўртоқлик ўйинларини шундай саналарга белгиладик. Бу бизга кўникиб олиш имконини беради.
Биз 2 ой аввал ҳозирлик жараёнини бошлаган эдик. Июль ойида 21 кун давомида шуғулландик. Қолаверса, Сербияда йиғин ўтказдик. Шунингдек, бу ерга келиш олдидан кўрфазда анча кучли саналадиган Саудия билан ҳам 2 та ўйин ўтказдик.
Гуруҳдаги рақибларни ҳам имкон қадар ўргандик. Ироқ, Қирғизистон ҳамда Ливан билан куч синашамиз. Ироқ жисмонан кучли, Ливанда индивидуал маҳорат яхши шаклланган. Қирғизистон ҳам яхши ўйинчилардан иборат. Биз ҳам ўз ўйинимизни намойиш этишга уринамиз, - деди Касин Алзааби.