Мамлакатимиздаги баъзи интернет сайтларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер истеъфога чиқарилгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.
Uzreport.news ЎФА Медиа ва матбуот департаменти билан боғланиб, ушбу масалага ойдинлик киритди.
"Эктор Купер истеъфога чиқарилгани йўқ. У Фаластин ва Ироққа қарши ўйинлардан кейин миллий терма жамоа билан биргаликда Тошкентга қайтиб келган. Аввалгидек миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида фаолият юритмоқда. Интернет сайтларида берилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди", — дея хабар берди ЎФА медиа ва матбуот департаменти ходими.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичидан ўрин олган Фаластинга қарши учрашувда 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ироқ терма жамоасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида эса 0:0 ҳисоби қайд этилган.
Саралaшнинг навбатдаги ўйинини миллий терма жамоамиз 10 октябрь куни Яманга қарши Тошкентда ўтказади.