Соғликларинг яхши, бугун чеченларга қарши ўйинингни кўрдим. Биламан, ўйининг чиқмади...
Тўғриси, “Ахмат” йўқ жойдан ишлаган пенальтисидан кейин, яна улар сизларни майдон бўйлаб “прессинговать” қила бошлашганидан кейин, 1-таймни ўзидаёқ ютқазасизлар деб ўйладим.
Хорен Байрамян йўқ жойдан гол уриб, оғир аурани, қийин вазиятни енгиллатди. Кўриниши сенга ўхшаб кетадиган норвег Норман эса ўйин қаҳрамони бўлди.
Норман, аввал унга қарши қўпол "подкат" қилган Швецни майдондан четлатишига сабабчи бўлди, кейин аслида сен уришинг керак бўлган, йўқ жойдан мўжиза голни урди.
Элдор, жиян, гап бугун сени ёмон ўйнаганингда ёки буни сабабларида ҳам эмас.
Биламан, деярли 10 кундан зиёдроқ рус совуғидан Қуддуснинг жазирама иссиғида иқлим алмаштириб, сеньор Куперни тушунарсиз тактикасида бундан ҳам тушунарсиз ва аламли мағлубиятни таъмини тортиб кўрдинг.
Биламан, одамда, спортсменда руҳ катта ўрин тутади. Сен бугун “Ростов”да МТЖ руҳида майдонга чиқдинг. "Ростов" таркибида худди янги жамоада ўйнаётгандек ҳаракат қилдинг. Ҳаракатларинг ўхшамади. Буни 1-бўлимда сездим.
Гол урган арман Байрамян эса эртага кун бўйи миллат қаҳрамонига айланади. Ҳамма ердаги арман футбол фанатлари унинг голини муҳокама қилишади, “Матч ТВ”даги арман миллатига мансуб комментаторлар уни шарафига дифирамбалар ўқишади.
Биласанми, нега?
Агар, уларда сен охирги 9 ойда ўзбекистонлик футбол мухлислари бахтига кўрсатиб келган мўжиза ўйинларинг, ажойиб голларинг, олам-олам қувончликларинг – уларда шундай бўлса, миллат хурсандчилигига айланади. Улар бундай қувончли онларни, кунларни бир бўлиб нишонлашадилар. Уларда ўз миллати, Ватанига бўлган мухаббат генетик тарзда жуда кучли...
Элдор, сен Фаластинга қарши "Ростов"дан азартга бой, "духи" баланд бўри бўлиб келувдинг. Биринчи бўлимда ҳаракат қилдинг, лекин МТЖдаги тушунарсиз руҳ, аура сени қанақадир Бабаян давридаги Элдорга айлантириб қўйди. Бугун Карпин буни 2-таймда тушунди, сени алмаштирди.
Элдор, жиян! Энди МТЖ ва бошқасини унутиб, руҳингни тикла!!
Бу муҳим! Жуда муҳим!
Карпин аҳмоқ эмас. Агар яна 1та тур шунга яқин ўйин қилсанг, "замена"га қўяди. У шунақа. У футбол оламидаги номларни, фанатлар хоҳиши, журналистлар фикрини тан олмайди. Унга ўзини кўзи билан кўрган фикри қадрли.
Сабаби, у жуда катта ареналарни кўрган, ўз даврини зўрларига қарши жанг қилган, буюк Зидан билан каллама калла уришган. "Духи" баланд уни...
Ишонаман, келаси тургача ўзинга келасан. Биз дуода бўламиз.
Чунки..
Сени, дунё тан олган, ҳар бир топ-футболчи интиладиган, ўйнашга арзийдиган Европанинг топ-5лигига кирувчи чемпионатда тўп тепишингни, ўзингни кўрсатишингни орзу қиламиз, бунга ишонамиз. Жисмонан бунга тацёрсан. Лекин руҳан... кучайиб боришинг керак.
Худди Уммонга 1 та пас билан чап қанотдан ёриб кириб голни тиқиб қўйганингдек, япон ҳимоячиларни 1та илдамлашда алдаб дарвозабонни ухлатиб қўйганинг, ёки “Ростов”да бошингдан жароҳат олиб, сузувчилар киядиган кўк шапкани (шу ўйиндан кейин, айнан шундай шапкалар “Элдорка” деб сотилиб, Ростовда ажиотаж бўлди) кийиб “Краснодар” дарвозасига шу яраланган бошинг билан голни қоқиб қўйганингдаги "духи" баланд ўйининг зарур, шарт!..
Умидимиз катта сендан жиян! Элдоржон!
Бизда замонамиз ёшларидан сен каби ёриб чиққан, бутун МДҲ оғзига тушган қаҳрамонлар кўп эмас.
Боксчиларимиз, оғир атлетикачиларимиз, шахматчиларимиз яқин кунгача бу ишни қилиб келишди. Лекин, уларни ҳам ёши ўта бошлади, қолганларини ҳимоя қила олмадик. Футболда бундай халқ қаҳрамонлари деярли қолмади, жиян.
Агар сен ҳам сўниб қолсанг, эртага мен ҳам қанақадир умримда ҳатто расмини ҳам кўрмаган, қардош мамлакатдаги “ютюб қаҳрамони” ҳисобланмиш инсонни юртимизга келганида, худди Полиграф Полиграфович Шариков мушукларни қувалаган каби, одам кўрмаган зомбидай телефонимни кўтариб ўша нусхани орқасидан чопаман...
Нима қилай, оммавий онг қаерга сузса, мен ҳам бунга аста-секин кўникиб, қулоғим тинч бўлсин деб курсни ўша томонга олавераманда.
Сен бунга йўл қўйма Элдоржон!
Менку ақлимни таниганман. Сени тенгқурларинг, сендай қора кўзларни ўз ватандоши билан фахрланиш туйғусини йўқ бўлиб, сўниб қолишига йўл қўйма жиян!
Сенга ишонамиз Элдоржон!
Яратган Эгам сени жароҳатлардан ўзи асрасин!
Фурқат Қурбонов.