Ўзбекистон Кубоги ярим финал учрашувидан кейин "Пахтакор" бош мураббийи матбуот анжуманида иштирок этди.
- Кубок соврин ютиш учун энг қисқа йўл саналади. Чемпионатда мавсум узоқ давом этади. Унда ғолиб чиқишга 26, 30 ёки 38 ўйиндан иборат мавсумда барқарор ўйнаш лозим. Кубокда эса 4 ёки 5 баҳсдан сўнг совринга эга чиқиш имконияти мавжуд. Ўтган мавсум ҳам финалда ўйнагандик. Бу йил эса уни ютишни истаймиз.
"Насаф" яхши жамоа, улар футбол ўйнашга ҳаракат қилишади. "Насаф", "Бунёдкор" ва "Локомотив" каби жамоаларга қарши ўйнаш менга ёқади. Улар яхши ўйин кўрсатишга интилишади. Рақиб қарши ҳужумларда анча кучли эканини билардик. Биринчи бўлиб тўп ўтказиб юборган бўлсак-да, тезда вазиятни ўнгладик ва икки гол урдик. "Насаф" кўпроқ ҳимояга эътибор қаратиб, беллашувни беш ҳимоячи билан бошлади. Иккинчи бўлимда эса бир қатор қулай имкониятлардан фойдалана олмадик. Ўйинни вақтлироқ тугатиш имкониятига эга бўлгандик. Мухлисларга футбол сифати маъқул келди деб ўйлайман. 12-13 минг атрофида ишқибоз стадионга ташриф буюрди. Рақибни ҳам яхши футбол билан табриклайман.
Чемпионатда ҳали олтита ўйин бор. Унда биз чемпион эканимизни кўрсатишимиз лозим бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Кубоги финалида ўйнаймиз. Лига Кубогида ярим финал баҳси кутиб турибди. Олдинга интилиб, совринлар сари курашишда давом этамиз. Имконият бор экан, ҳар уч мусобақада ғолиб чиқишга интиламиз.