Хабарингиз бор, Coca Cola Суперлига 21-туридан ўрин олган баҳсда “Навбаҳор” ўз майдонида Самарқанднинг “Динамо” клубини қабул қилади.
Мазкур ўйинга жамоамиз аъзолари жиддий тайёргарлик кўришмоқда. “Лочинлар”нинг навбатдаги машғулоти якунлангач, наманганликларнинг тажрибали ярим ҳимоячиси Азимжон Аҳмедов бўлажак учрашув борасида ўз фикрларини билдирди.
- Машғулотларда барчамиз фаол иштирок этяпмиз. Мураббийлар штаби ҳар бир рақибнинг ўйин услубига қараб, шунга мос равишда тактика танлашади. Демак, машғулотлар ҳам шунга яраша ўтказилмоқда.
Бўлажак рақиб - “Динамо” гарчи бу йил Суперлига иштирокчисига айланган бўлса-да, 1-давра баҳсларида ажойиб ўйини ва натижалари билан барчани ажаблантирганди. Аммо негадир 2-давра баҳсларида самарқандликларнинг омади келмай, мағлубиятлар гирдобидан чиқолмаяпти ҳамда айни пайтда турнир жадвалининг қуйи поғонасида бормоқда.
Бироқ рақиб ким бўлишидан қатъий назар, хотиржамликка берилиш ярамайди ва жорий мавсумда Суперлигада ҳар бир ўйин қийин кечмоқда.
Шу боис, машғулотларда астойдил тер тўкяпмиз.
Бундан ташқари, “Динамо” Наманганга янги мураббий Тачмурат Агамуродов бошчилигида келади ҳамда унинг дебюти муваффақиятли чиқиши учун самарқандликлар майдонда барча имкониятларини ишга солишади.
Ўз навбатида биз – футболчилар ҳам ўз майдонимизда, мухлислар кўз ўнгида зафар қучиш учун астойдил ҳаракат қиламиз.
Чунки ишқибозлар ҳам жамоамизнинг Намангандаги ғалабасини соғиниб қолишди ва “Навбаҳор”дан бўлажак баҳсда ютуқ кутишмоқда.
Мухлисларнинг ишончларини оқлаш, зафар қучиш учун барчамиз майдонда астойдил тер тўкамиз.
Ишқибозлардан эса бизни бўлажак ўйинда муносиб қўллаб-қувватлашларини тилаб қолам.
“Навбаҳор” – “Динамо” учрашувига ташриф буюриб, бизни 12-ўйинчи сифатида қўллаб-қувватланг, азиз мухлислар!
“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.