Жанубий Кореяда йиғин ташкил этган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун кореялик тенгқурларига қарши иккинчи ўртоқлик ўйинини ўтказди.
Қизиқарли кўриниш олган беллашув якунида вакилларимиз 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида терма жамоамиз устози Любинко Друлович қуйидагича фикр билдириб ўтди:
- Биз бир ҳафта давомида Кореяда йиғин ўтказдик ва ушбу юрт олимпия терма жамоаси билан 2 та ўртоқлик ўйинида майдонга тушдик. Ҳар икки ўйин ҳам биз учун жуда ҳам фойдали бўлди, деб ўйлайман. Зеро Жанубий Корея олимпия терма жамоаси қитъадаги етакчилардан бири саналади. Бундай рақиб билан ўйинда бизда қайси чизиқларда камчилик бор эканини кўриб олиш мумкин.
Бевосита бугунги ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, биринчи бўлимни бироз бўш ўтказдик. Кам қулай вазиятлар юзага келди ва қолаверса, кўплаб вазиятларда кутилмаган хатоларга йўл қўйилди. Лекин иккинчи бўлимни анча ишончли тарзда ўтказа олдик. Тўп назоратини қўлга олиб, рақибни босим остида ушлашга интилдик. Яратилган вазиятлардан унумли фойдаланишда ҳам фаол ҳаракат қилдик. Якунда эса ўйинни фойдамизга ҳал этишнинг уддасидан чиқдик.
Ҳали олдинда Осиё чемпионатига қадар 3 ой вақт мавжуд. Келаси ойларда ҳам йиғин ҳамда ўртоқлик ўйинлари ўтказамиз. Қитъа биринчилигига юқори даражада тайёргарлик олиб боришга уринамиз, - дея ўз фикрларини билдирди тажрибали мутахассис.
ЎФА матбуот хизмати.