Суперлиганинг 22-туридан ўрин олган “Бунёдкор” ҳамда АГМК жамоалари ўртасидаги ўйин якунланди. Ўйиндан сўнг матбуот анжуманининг биринчи қисмида АГМК бош мураббийи Миржалол Қосимов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
“Бир гапни қайтаришни ҳеч ким хоҳламайди. Кўрдингиз ўйин кутьилганидан кеч якунланди. Бу вақтда ҳозир биз уйда бўлишимиз керак эди. Келинг камроқ гапирамиз.
Дарвоза чизиғидаги рақобат? Бизда 3та кучли дарвозабонлар бор. Мавсум бошидан буён уларнинг ҳар бирига имконият бердик. Султонов ҳозирда оптимал формада.
Тўғри, мавсум бошида бироз ўйинларимиз ўхшамади. Сабаби янги жойга мослашиш осон эмас. Умуман ҳар қандай соҳада шундай. Йил бошида жуда кўп хатолар қимматга тушди. Оддий вазиятлардаги хатолар, дарвозабонлардан бошлаб, ҳужумчиларга қадар беқарор кўринганди. Умуман футболда омад деган тушунча керак. Баъзи вазиятларда эса омад кулиб боқмади. Янги жамоани қуриш учун эса вақт керак. Ҳозирги пайтда футболчилар ёмон ҳаракат қилишмаяпти. Умуман футболни юқори иштиёқ билан ўйнаш керак. Шундагина нимагадир эришиш мумкин.
Абрамовнинг терма жамоага бош мураббий бўлгани "Бунёдкор" ўйинига таъсир қилдими? Йўқ, мен ундай деб ўйламайман. Ташқаридан ҳамма нарса осон кўринади. Барибир буни ичкарида ҳис қилган бошқа. Шу боисдан бу ҳақида бирор нарса дейиш қийин. Абрамов бошчилигидаги терма жамоамизга омад тилайман”, -дея Қосимов сўзларини келтиради Stadion.uz журналисти Жалолиддин Қобилжонов.