Кетма-кет иккинчи йил Ўзбекистон кубоги финал учрашувида Тошкентнинг "Пахтакор" ҳамда Олмалиқнинг АГМК жамоалари тўқнаш келмоқда.
Ўтган йили Фарғонада ўтган кубок финалида жамоамиз "Пахтакор"ни 12-кубогини қўлга киритишига қаршилик қилиб, якунда 3:1 ҳисобидаги ишончли ғалабани тантана қилганди. Жорий мавсум ҳам финал бекатига қадар йўқотишларсиз етиб келган мазкур жамоалар яна бош соврин учун курашади. "Пахтакор" билан бу гал умумий ҳисобдаги 26-учрашувни ўтказамиз. Жамоалар ички чемпионатда 24 маротаба ва Ўзбекистон кубоги финалида 1 бора тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги устунлик "Пахтакор" тарафида.
Статистикага кўра, 5 маротаба жамоамиз ғалаба қозонган бўлса, 2 бор дуранг қайд этилган ва 18 ўйинда "Пахтакор"нинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати: 41-17.
Жорий мавсумда Суперлига доирасидаги биринчи давра ўйинида Тошкентда жамоамиз "Пахтакор"га (4:1) имкониятни бой берганди. Олмалиқдаги баҳсда эса "Пахтакор" (3:0) ҳисобида ғалаба қозонган. Ўтган йилги финалда эса Йован Жокичнинг дубли ва Зоҳир Пиримовнинг голларига "Пахтакор"дан Исмоил Гонсалвеш пенальтидан урилган гол билан жавоб қайтарганди.
Эътиборлиси, АГМК Ўзбекистон кубогида 2017 йилдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда. АГМК Ўзбекистон кубоги доирасида 11 ўйиндан буён мағлубиятсиз серияни давом эттирмоқда. Шунингдек, жамоамиз кубок ўйинларида қаторасига 8 учрашувдан буён ғалаба қозонмоқда.
Мазкур ёқимли анъанани кубок финалида қаторасига иккинчи йил "Пахтакор"га қарши баҳсда ҳам давом эттириб, кетма-кет иккинчи йили Ўзбекистон кубоги соҳибига айланиш учун жамоамиз кураш олиб боради. Ўтган йилги муваффақиятни яна такрорлаш фурсати келди. Олға, АГМК!