Ҳанузгача Месси ва Роналду таққосланади. Мессининг бошқа клубларда ўйнамагани эса унинг Роналдудан устун эмас, дея баҳоланишига сабаб бўлади. Роналду айни дамда Европадаги учинчи гранд жамоада тўп сурмоқда. Ўзининг Европадаги учинчи гранд жамоасида ҳам етакчи. Мессида эса бундай ўтмиш йўқ. Таниқли спорт шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов "Оффсайд" кўрсатувида "Месси 5 карра "Олтин тўп" соҳиби, у Европанинг исталган жамоасида ўйнаб кета олади. Бундай футболчига нисбатан у бошқа жамоада ўйнаб кетиши мумкинми?" дея савол қўйишнинг ўзи мантиқсизлик", қабилида фикр билдирганди. Хўш, Месси Европанинг қайси жамоаларида ўйнаб кета олади?
Тезлик. Футболда тезлик муҳим омил ҳисобланади. Тезлиги юқори футболчи исталган жамоада, хусусан, тезкор футболга эмас, тартибли ва секин футболга асосланган жамоаларда ҳам ўйнаб кетади. Тезлиги паст, оғиркарвон футболчилар эса тезкор футбол ўйнайдиган жамоаларга ярамайди. Лионел Мессининг тезлиги соатгина 35 км атрофида. Бу рақам гоҳ тушиб, гоҳ ошиб боради.
Бу шуни англатадики, Месси Европанинг исталган жамоасида ўйнаб кета олади. Лео учун Европадаги энг қулай клуби “Манчестер Сити” ҳисобланади. Чунки бу клуб айни дамда Хосеп Гвардиола тактикаси асосида ўйнамоқда. Тартибли, қисқа пасларга асосланган, бир хил даражадаги темпга эга футбол. Месси эса ушбу тактикада якуний нуқтани қўя оладиган футболчи ҳисобланади. Лео рақибнинг прессингидан чиқиб кета олади, тезкор тўп узатишларни ҳам қойиллатади, қолаверса, вазиятларни кутилмаган зарбалар билан ҳам якунлайди. Ҳозирги “Манчестер Сити”га Месси Агуэро ёки Жезус, умуман, исталган ҳужумчидан кўпроқ фойда келтирган бўларди.
“Ливерпуль”. Агар Месси “қизиллар” сафига ўтадиган бўлса, бу Юрген Клопп учун фақат ва фақат қувончли ҳолат бўлади. Сабаби шундаки, Месси билан у жарима зарбалари устаси, хавфли вазиятлар яратиш бўйича мукаммал ижрочи, майдонни кўра олувчи ақлли футболчига эга бўлади. “Ливерпуль” тез ўйнайди. “Қизиллар” сафида дангаса юлдузлар йўқ, ҳамма ўз ишига масъулият билан ёндашади. Агар Месси “Ливерпул”га ўтса, Клоппда Салоҳ — Мане — Мессидек ажойиб трио юзага келади. Ҳайрон бўлманг, Месси марказда ўйнашни қойиллатади. У ҳимоя ва дарвоза чизиғидан бошқа исталган позицияда ўйнаб кета олади.
“Ювентус”. Айни дамда Роналду ажойиб ўйнаётган “Ювентус”да Месси ҳам Криштианудан кам ўйин кўрсатмасди. Агар Месси Туринга келса, Сарри Месси — Игуаин — Дибала триосига эга бўларди. Ёки ҳозирги пайтда келадиган бўлса Месси — Роналду — Дибала триоси бўлади. Месси “Ювентус”га тўлиқ мослашади, қолаверса, Турин клубига янги тактика билан кириб келади. Мессининг тезкор пасслари, ақлли ўйини “Ювентус”нинг ўйинини кучайтиради.
“Интер”. Антони Контега айни дамда етишмаётган футболчи Мессидир, балки. Тўғри, Икарди кетгач Лукаку ва Алексис Санчеслар жамоага олиб келинди. Аммо Мессининг бу футболчилардан ва айни дамда ўйнаётган Лаутаро Мартинесдан ҳам битта устун жиҳати бор — дриблинг. Месси рақибларни бирин-кетин ортда қолдириб, марказий ҳужумчи учун очиқ ҳудуд яратиб бера олади. “Интер”да эса бундай ижрочи йўқ ҳозир.
“Бавария”. Левандовски қаторлаштириб голлар ураётган ҳозирги пайтда Мюнхен клубига Месси жуда-жуда керак. Немис футболи Леога мураккаблик туғдирмайди. Мессининг ўйин услуби ҳам “Бавария”никига мос тушади. Шундоқ ҳам яхши ўйин кўрсатаётган немис клубига ЕЧЛ ғолиби бўлиш учун, балки, айнан Месси етишмаётгандир...
Дортмунднинг “Боруссия”си. Агар Месси Бундеслигага ўтадиган бўлса, у учун энг қулай иккинчи вариант Дортмунднинг “Боруссия”сидир. “Боруссия”га айни дамда ҳужумларни самарали якунлай оладиган футболчи етишмаётгани бор гап. Марко Ройс каби иқтидорли ярим ҳимоячилар ўйнайдиган жамоага битта етакчи ҳужумчи керак. Агар Месси “Боруссия”га ўтса, ўзини кўрсата олиши эҳтимоли 90 фоизга тенг. 10 фоиз — омадсизлик ва бошқа кичик омиллар бўлиши мумкин. Лекин катта эҳтимол билан аргентиналик форвард етакчига айлана олади.
“ПСЖ”. Франция чемпиони сафида ҳам Месси йўқолиб қолмайди. Каванининг ўрнини эгалласа, Париж клубида Неймар — Мбаппе — Мессидек фантастик учлик юзага келади. Бу эса шунчаки даҳшатли ҳужум учлиги бўлади. Месси “ПСЖ”да порлашига шубҳа йўқ, сабаби бу ерда унинг тактикасига, унинг ўйин услубига тўлиқ мослашадиган футболчилар ҳаракат қилади.
Мессининг фақат “Барселона”да ўйнаётгани — бу салбий жиҳат эмас. Дунёнинг энг кучли клуби сизнинг кетишингизни истамаса, қолишингиз учун ҳар нега тайёр бўлса, бу салбий ҳолат эмас-ку! Роналду “Реал”дан нега кетди? Чунки Перес керак пайтда уни ҳимоя қилмади. Буни Роналдунинг ўзи ҳам очиқ тан олди. Солиқ можаролари ва бошқа муаммоларда “Реал” Криштиануга қалқон бўлишни истамаган (португалиялик футболчининг айтиши бўйича). Агар ўшанда “Реал” футболчининг ёнини олиб, керакли тарзда қўллай олса, Роналду кетмаслиги мумкин эди. Қолаверса, “Реал” тарихида жамоадан ҳурматсизларча кетказилган футболчи фақат Роналду эмас. “Барселона” эса Мессини ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаяпти. Солиқ можароларида ҳам Бартомеу Мессининг айбсиз эканлиги айтишдан чарчамади ва биз билган ҳамда билмаган ёрдамларни берди. Қолаверса, жуда катта маош олмоқда Месси. “Барселона” ҳамон Европанинг етакчи клубларидан бири. Мантиқан олиб қаралганда, футболчи икки омил туфайли жамоасидан кетиши мумкин. Биринчиси, кучлироқ жамоа топилса. Иккинчиси, жамоасида низо юзага келса. Мессида ҳар иккаласи ҳам йўқ. Айни дамда Европада “Барселона”дан кучли деб бирор-бир жамоани яққол кўрсатиб бўлмайди, қолаверса, Каталония клуби Мессининг оғзидан чиққан нарсани муҳайё қиляпти. Энди савол, Месси нега “Барса”дан кетиши керак?
Низомжон ИСЛОМОВ