Очиғи, сўнгги йилларда «Реал»да ўйнаган ва ўйнаётган кўплаб иқтидорларни жамоанинг келажаги, «янги Роналду» дея эътироф этишди. Аммо шу пайтга қадар ҳеч бир ёш иқтидорда ўзгача хислат, ўзгача иқтидор сезилмаётганди. Винисиус Жуниор дриблинг борасида яхши, аммо ақлли қарор чиқаришда оқсоқланади, Браим Диас эса жароҳатлар гирдобида. Айни шу пайтда эса Зидан катта саҳнага Родригони олиб чиқди.
Кеча «Галатасарой»га қарши ўйинда бу йигитча хет-трик қайд этди. Мени қойил қолдиргани учала голини ҳам ақлли қарор билан киритди. Биринчисида рақибларни алдаб ўтиб, дарвозабоннинг ожиз томонини кўра билди ва чап оёқда узоқ бурчакни нишонга олди. Ҳаммасини пухта амалга оширди. Очиғи, ёш футболчининг ЕЧЛ доирасидаги расмий ўйинда бунчалик хотиржам ҳаракат қилиши қойил қолдирди. Иккинчи голида ҳам шундай жиҳат кузатилди: бош билан шунчаки зарба бермади, дарвозанинг олис бурчагини нишонга олиб, посбон қайтара олмайдиган тарзда зарба йўллади. Учинчи голида ҳам керакли вазиятда керакли жойда пайдо бўлиб, айёрона зарба йўллашни уддалади.
НИМАЛАР МАЪЛУМ?
Тўлиқ исми — Родриго Силва де Гоис
Туғилган санаси — 2001 йилнинг 9 январи.
Туғилган жойи — Озаску, Сан-Паулу, Бразилия
Фуқаролиги — Бразилия, Португалия
Родриго 10 ёшида «Сантос» академиясига қабул қилинган. 2017 йил мартида жамоа бош мураббийси Доривал Жуниор Родригони Либертадорес кубоги доирасида Перунинг «Спортинг Кристал» жамоасига қарши ўйинда таркибга киритади.
2017 йилнинг 21 июлида йигитча жамоа билан 5 йиллик шартномага имзо чекади, бу унинг биринчи профессионал шартномаси эди. 2017 йилнинг 1 ноябрида «Сантос» бош мураббийси вазифасини вақтинча бажараётган Элано Родригони асосий таркиб футболчисига айлантиради.
2017 йилнинг 4 ноябрида эса Родриго «Сантос» сафида биринчи бор асосий таркибда майдонга тушади. Ўшанда клуб чемпионат доирасида «Атлетико Минейро» билан куч синашади. 25 ноябрда Родриго профессионал фаолиятидаги биринчи голини киритади: Паулиста лигаси доирасида «Понте-Прета» жамоасига қарши ўйиннинг охирги дақиқаларида гол уриб, жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлайди.
2018 йилнинг 1 мартида Родриго Либертадорес кубогида дебют қилади. «Реал Гарсиласо»га қарши ўйинда майдонга тушганида футболчи 17 ёшу 50 кунлик эди. Бу билан Родриго «Сантос»нинг Либертадорес кубогида дебют қилган энг ёш ўйинчисига айланади. 2018 йилнинг 15 мартида у ушбу турнирдаги биринчи голини Уругвайнинг «Насьональ» клуби дарвозасига киритади. Бу билан у Либертадорес кубогида гол урган энг ёш бразилиялик (17 ёш, 2 ойу 6 кунлик)ка айланади.
2018 йилнинг 14 апрелида Родриго Бразилия А сериясидаги дастлабки голини уради. У «Сеары» клуби дарвозасини ишғол қилади.
2018 йилнинг 15 июнида «Реал Мадрид» Родригонинг трансфери борасида келишувга эришди. У учун «қироллик клуби» 45 млн евро тўлади.
Родриго «Реал» сафидаги дастлабки ўйинларидаёқ мухлис ва мутахассисларнинг илиқ фикрига сазовор бўлди. Ниҳоят, Зидан унга асосий таркибдан жой бермоқда ва бу футболчининг Европа гранд жамоаси юлдузига айланишида муҳим ўрин тутади.
НЕГА АЙНАН РОДРИГО?
Айни дамда Родригонинг келажаги порлоққа ўхшамоқда. Чунки унда Винисиусдаги довдирлик, Васкесдаги иккиланиш, Йовичдаги ҳаяжон йўқ. У хотиржам, худди «Реал»да анча вақтдан бери ўйнаётгандек. Гарчи тажриба кам бўлса-да, Родриго футбол ўйнаш борасидаги билим етарлича экан. Тўп унга келаётган маҳалдаёқ қандай ҳаракатланиш кераклигини олдиндан режалаштириб олади ва шунга мувофиқ ўйнайди. Футболда эса бу жуда катта аҳамиятга эга.
Ниятимиз Родриго Роналдунинг ўрнини босмасин, "Реал"да Роналдудан кам бўлмаган янги юлдуз — Родриго етишиб чиқсин. Кўз тегмасин!