Ўзбекистон футбол ассоциацияси жаҳон футболида ўз ўрнига эга Германия футбол иттифоқи билан яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштиряпти.
Биласиз, Германия дунёдаги футболи энг ривожланган мамлакатлар сирасига киради. Германия футболи ўз натижалари билан ҳар жабҳада энг олди ўринларни эгаллайди.
Футбол инфратузилмаларини яхшилаш, болалар футболи ва ёш футболчиларни тарбиялаш тизимини йўлга қўйиш, футбол соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассислар малакасини ошириш, ҳакамлик ва бошқа бир қатор йўналишларда Германия тажрибаси ўрганилади ва икки ташкилот бу борада яқиндан иш олиб боради.
Ўзаро ҳамкорликнинг илк дебочаси сифатида 9 ноябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – Қирғизистон ўртоқлик учрашувини бошқариб бориш учун германиялик ҳакамлар гуруҳи таклиф этилди. Ўйин бош ҳаками халқаро майдонда бир қатор учрашувларни бошқаришга улгурган, Россия яшил майдонларида ўтган ЖЧ-2018да VAR тизими бўйича фаолият олиб борган ФИФА рефериси – Бастиан Данкерт. Унга қанотларда ҳамюртлари Ян Зайдел ва Рене Роде ёрдам беришади. Тўртинчи ҳакам вазифасини ўзбекистонлик Илгиз Танташев бажаради.
Қайд этиш жоиз, ЎФА ва ГФИ ўртасида йўлга қўйилаётган ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик футбол мутахассисларининг Германияда малака ошириши, Германия футболи тажрибасини ўрганиши ҳам кўзда тутилган.
Ўртоқлик учрашуви
9 ноябрь (шанба)
ЎЗБЕКИСТОН – ҚИРҒИЗИСТОН
"Пахтакор" стадиони | 17:00
Бош ҳакам: Бастиан Данкерт (Германия).
Ёрдамчи ҳакамлар: Ян Зайдел (Германия), Рене Роде (Германия).
Захира ҳаками: Илгиз Танташев (Ўзбекистон).