“Милан”га қарши кечаги ўйинда Сарри ва Роналду ўртасидаги можаро ана шу янгиликни эслашга мажбур қилди мени. Афтидан, португалиялик футболчи ва мураббий ўртасида низо борга ўхшайди.
РОНАЛДУНИНГ ЖАРОҲАТИ БОРДИР, АММО...
Сарри кеча Роналдунинг захирага олинишини унинг жароҳати кўнгилдагидек ўйнашига халал бераётганини айтди, яъни Криштиану ўйнай олмаганини мулойим қилиб тушунтириб қўйди. Лекин Роналду ўйнашни истаганини, захирага олинишни хоҳламаганини яширмади. Яъни у жароҳати бўлса-да алмаштирилишини кутмаганди. Шу боис Саррининг қарорини ҳазм қила олмади. Ўйиндан кейин Маурицио Роналдунинг захирага олинганини жароҳати билан боғлаб, “У жароҳати бўлса-да, клуб учун жон куйдириб ўйнаяпти, қўлидан келган ҳамма ишни қилишга уриняпти”, деб Роналдунинг обрўсини ошириб ҳам қўйди.
САРРИ ҲАҚМИДИ?
Кеча Маурисио Саррининг қарори тўғри бўлганлиги ўз аксини топди. Роналду кўп вазиятларда рақиб футболчиларини ортда қолдира олмади, зарбаси ҳам хавфли чиққани йўқ, хуллас, кеча ўйини ўхшамади. Сарри эса унинг ўрнига Дибалани туширди ва айнан Пауло Турин клубига ғалаба келтирди. Ўз-ўзидан аниқки, Саррининг кечаги қарори тўғри. Гап бу ерда Роналдунинг алмаштирилганида эмас, гап ўйини қовушмаган футболчининг алмаштирилганида. Тўғри, кечаги ўйинда Дибалани Игуаиннинг ўрнига туширса ҳам бўларди, шунда Роналду марказга ўтарди. Аммо Саррининг қарори ўзини оқлади. Агар кеча ўзгаришлар фойда бермай, “Ювентус” очко йўқотганида, эҳтимол, мураббийни айбласа бўларди. Лекин бундай бўлмади. Ҳаётда эса шундай қоида бор: “Ғолиблар муҳокама қилинмайди”. Сарри “Ювентус”га Роналдуни асосий таркибда ўйнатаман деб эмас, жамоага совринлар олиб бераман деб келган.
РОНАЛДУ КЕТИШИ КЕРАКМИ?
Агар вазият шу тарзда давом этаверса, Сарри Криштиануни захирага олаверса, вазият жиддийлашиши тайин. Роналду унга паст баҳо беришларини ёки бошқа бировни ундан кераклироқ футболчи деб ҳисоблашларини кўтара олмайди. У — мағрур, ана шу мағрурлиги туфайли ҳам “Реал”дан кетган. Қадрига етишмаганида 9 йил ўйнаган жамоасидан кета олган футболчи учун “Ювентус”ни тарк этиш муаммо эмас. Ҳаммаси ўзига боғлиқ. Агар “Мен асосий таркибда тушишим керак”, дея Сарри билан можарога бораверса, кетиш эҳтимоли яқин, лекин агар вазиятга кўникиб, ўйнашда давом этаверса, қолади.
Шахсан мен Роналду фаолиятини “Ювентус”да тугатади, деб ўйламайман. Ҳатто агар ёзда гранд жамоалардан бири арзирли таклиф билан чиқса, фаолиятини бошқа жамоада давом эттириши ҳам мумкин. Ҳозирча эса Сарри ва Роналду воқеаси қандай ривожланишини кузатамиз.
Низомжон ИСЛОМОВ