Кириш Регистрация

6 ўйинда ижобий натижа? Эмери “Арсенал”дан кетади-ёв!

Баҳо:
+ | -

Ҳозиргина хориж ОАВда “Арсенал” устози Унаи Эмери ҳақида хабар тарқалди. Унга кўра “канонирлар” раҳбарияти Эмерини истеъфога чиқармайди, аммо унга шарт қўйган. Яъни мураббий навбатдаги 6 та ўйинда ижобий натижа қайд этиши шарт.

Шу хабарни ўқиган заҳоти Лондон клубининг навбатдаги 6 та рақиби билан қизиқдим. Шунчаки даҳшатли ўйинлар кутаётган экан “Арсенал”ни.

“Арсенал” 23 ноябрда “Саутгемптон” билан ўйнаркан. Лондонда кечадиган баҳсда Эмери учун ижобий натижа бу — фақат ва фақат ғалаба. Аммо “Саутгемптон” ҳам осонликча таслим бўлмаслиги аниқ. Хуллас, ўйин қийин кечиши турган гап.

АПЛ доирасида навбатдаги рақиб — “Норвич”. “Арсенал” 1 декабрда меҳмонда тўп суради. Тўғри, “Норвич” аутсайдер, аммо ўз уйида ўйнашини ҳисобга олсак, АПЛда исталган клуб ўз уйида мухлислар учун ҳам икки карра куч билан ҳаракат қилади. Мазкур баҳсда “Арсенал”ни фақат ғалаба қониқтиради.

АПЛда кейинги ўйин 6 декабрда “Брайтон”га қарши ўтказилади. Табиийки, ўз уйида ўйнайдиган “Арсенал” мазкур матчда уч очкони қўлга киритиши лозим. “Брайтон” эса ғалабани қўш-қўллаб топширадиган жамоа эмас.

Эмери учун имкон берилган тўртинчи ўйин “Вест Хэм” майдонида бўлиб ўтади. 10 декабрь куни “болғачилар” меҳмони бўладиган “Арсенал” ғалаба қозониши керак. Лекин “Вест Хэм”ни мағлуб этиш жуда қийин иш эканлигини Эмерининг ўзи ҳам билади.

Бешинчи ўйин — шунчаки даҳшат. 15 декабрь куни Лондонга “Манчестер Сити” ташриф буюради. Ушбу ўйинда “канонирлар” учун дуранг ҳам ижобий натижа бўлиши мумкин. Аммо шундоқ ҳам “Ливерпул”дан ортда қолиб кетган “шаҳарликлар” “Арсенал”ни мағлуб этиш учун тиш-тирноқлари билан курашадилар. Ушбу баҳс “канонирлар” учун ҳаёт-мамот ўйинига айланса, ажабмас.

Аксига олиб АПЛ доирасидаги 6-ўйин ҳам қийин кечиши тайин. 21 декабрда “Арсенал” Лондоннинг бошқа бир жамоаси — “Эвертон” майдонига сафар уюштиради. Мавсум аввалида яхши харидларни амалга оширган “Эвертон” “Арсенал”га ҳақиқий кураш таклиф этиши тайин.

Агар Эмерига берилган 6 ўйинлик имкониятни умумий деб олсак, у охирги иккита рақибдан қутулиб қолиши мумкин. Чунки орада биз Европа Лигаси доирасидаги иккита ўйинни киритмадик. Яъни “Арсенал” 29 ноябрь куни “Айнтрахт”ни қабул қилади. Немис клуби ҳам кучсиз эмас айни дамда. “Айнтрахт” ҳатто “Арсенал”ни мағлуб этиши ҳам мумкин.

Европа Лигаси доирасидаги навбатдаги ўйин эса 12 декабрь куни бўлиб ўтади. Шу куни “Арсенал” “Стандарт”  клуби майдонига сафар уюштиради. Кўриниб турибдики, Европа Лигаси доирасидаги ўйинлар ҳам АПЛ доирасидаги баҳслардан қолишмайди.

Афтидан, агар “Арсенал” раҳбарияти ваъдасида турса, Эмерининг жамоадан кетиш эҳтимоли кўпроққа ўхшамоқда. Янаям ким билсин, балки “Арсенал”нинг бу ёғига ишлари юришиб кетар. Кўрамиз.

Низомжон ИСЛОМОВ 

 

Манба: stadion.uz
Киритилди: 23:28, 11.11.2019.
Ўқилди: 4464 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.