Топ чемпионатларда ғолиблик учун кураш олиб борадиган жамоаларнинг етакчи футболчиси бўлиш жуда мушкул эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат, кучли босим ва тинимсиз эътибор марказида бўлиш осон эмас. Бугун ана шундай босимни енгиб ўта олмаган юлдуз футболчилар ҳақида сўз боради.
Эден Азар – «Реал Мадрид»
Бу футболчинига бўлган ҳурматни сақлаган холда ушбу рўйхатга киритишга қарор қилдик. Тўғри, Азар Мадридда ўзининг илк мавсумини ўтказмоқда бироқ, 30 ёшдан ошиб кетган футболчининг ўйинида фақатгина пасайиш кузатилиши мумкин эканлигини билиш учун футбол эксперти бўлиш шарт эмас. Дарҳақиқат, Эден жамоани тарк этган Роналдунинг рақамини эгаллади, лекин ўрнини боса олмади. Катта эҳтимол билан боса олмаса ҳам керак. Бельгиялик футболчидан мухлислар голлар кутган бир пайтда, у ортиқча вазн муаммосига дуч келди. Бундан ташқари, унда ўзига бўлган ишонч ҳам етишмаяпти. Мадрид клуби Азарнинг етакчиликни қўлга олишга қодир эмаслигини англагач, Киллиан Мбаппе трансфери борасидаги ишларни бошлаб юборишдан бошқа чора топа олмади.
Роналдино – «Милан»
Футбол афсунгари «Барселона» мухлислари учун барча даврларнинг энг яхши футболчиси бўлсада, «Милан» тифозиларининг фикри бироз ўзгачароқ. Роналдино Милан шахри жамоаси шарафини 3 йил ҳимоя қилганига қарамай, клуб мухлисларининг ишончини қозонишни уддалай олмади. Янгиланган «Милан»нинг етакчиси бўлиши таҳмин қилинган Рони Италияда ўзини умуман йўқотиб қўйди. 2002-йилда ЖЧ ғолиблигини қўлга киритган ва 2005-йилда «Олтин тўп»га лойиқ кўрилган Роналдино 2008-йилда «Милан» сафига бориб қўшилади. «Милан» мутасаддилари унинг траснферидан катта даромад олишганини инобатга олмаса, Роналдино клуб учун айтарли ҳеч қандай каромат кўрсата олмади.
Ди Мариа
2014-йилда «Манчестер Юнайтед» жамоасига таклиф қилинган аргентиналик футболчи клубнинг асосий футболчиси бўлиши таҳмин қилинган эди, бироқ барчаси ўзгача кўриниш олди. «Реал Мадрид»дан 60 миллион евро эвазига ҳарид қилинган футболчи Ван Гал томонидан клубнинг янги етакчиси бўлиши башорат қилинган ва мухлисларнинг Ди Мариадан умидлари катта эди. ЕЧЛнинг амалдаги чемпиони сифатида Манчестерга ташриф буюрган қаҳрамонимиз нафақат мухлислар, балки ўзининг ҳам ҳафсаласини пир қилади. АПЛнинг жисмоний футболига кўника олмаган Ди Мариа узоқ вақт ўзига ўхшамай тўп сурди. Уйига оғрилар ҳужум қилишгач эса, сокинроқ Парижга йўл олди ва «Манчестер Юнайтед»нинг уни сотиб юборишдан бошқа чораси қолмади.
Робиньо – «Манчестер Сити»
21 ёшида замонавий футболнинг энг кучли теҳникага эга ўйинчисига айланган Робиньонинг фаолияти ёрқин лаҳзаларга бой ўтгани ҳеч кимга сир эмас. Шундай бўлсада, қаҳрамонимиз барча клубларда ҳам ўзини тўлиқ намойиш этишнинг чорасини топа олмаган. Ана шундай клублардан бири сифатида «Манчестер Сити»ни кўрсатишимиз мумкин. 2008-йилда Шейхлар томонидан таклиф этилган фантастик маош ва фаолиятини қайта ишга тушириш мақсадида «Манчестер Сити» сафига келиб қўшилган қаҳрамонимиз жамоа етакчиси бўлиши кутилган эди. Жамоа унинг атрофида қурилган бўлсада, Робиньо етакчиликни қўлига олишни уддалай олмади. Тунги кублар ва тартибсиз ҳаёт туфайли ўз спорт формасини йўқотиб қўйди. Кўплаб мутахассислар томонидан АПЛнинг энг яхши футболчиларидан бири бўлиши кутилган бразилиялик футболчи атиги 2 мавсумдан сўнг, клубдан кетишга мажбур бўлди.