Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон МТРК “Sport” телерадиоканали ҳамкорликда ўзбек футболида КАТТА янгиликка қўл уриш арафасида!
«Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасида 2021 йилдан футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида видеотакрорлардан фойдаланишни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси талабларига мувофиқ 2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимини жорий этиш масаласи ҳам киритилган.
Қайсидир соҳада бирор янгиликни амалиётга жорий этиш учун маълум вақт, малакали кадрлар ва тажриба талаб этилади. Буни яхши англаган Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Ўзбекистон МТРК “Sport” телерадиоканали ҳамкорликда амалий ишларни бошлаб юборди. Эртага, 4 декабрь куни Пахтакор" ва АГМК клублари ўртасида Ўзбекистон Лига кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади.
"Пахтакор" стадионида бўлиб ўтадиган учрашувда Ўзбекистон футболи тарихида илк бор VAR тизими синовдан ўтказилади. Жараёнда Ўзбекистон МТРК “Sport” телерадиоканали техник ва ижодий гуруҳи Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Бундан асосий мақсад, футбол учрашувларида адолат ва шаффофликни таъминлашдир. Ўзбекистон МТРК “Sport” телерадиоканали жамоаси ўзбек футболи ривожи йўлида иш олиб боришга доим тайёр!