Куни кеча бўлиб ўтган "Барселона" ва "Реал" ўртасидаги ўйин мухлисларга кутилган шиддатни бера олмади. Кўпчилик бу учрашувга "зерикарли" ўйин дея таъриф берди. Лекин хафа бўлишга ўрин йўқ, орадан 3 ҳафта ўтиб биз яна бир "эл-класико"га гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Хабарингиз бор, Испания суперкубоги илк марта ўзгача форматда ўтказилади. Унда 4та жамоа иштирок этади: Испания чемпиони ("Барселона"), Испания кубоги ғолиби ("Валенсия"), Ла лигада 2-ўрин ("Атлетико") ва 3-ўрин ("Реал") соҳиблари. Мусобақа 8-12 январь Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилади.
Ташланган қуръа натижасида ярим финалда қуйидаги жамоалар тўқнаш келишади:
"Валенсия" - "Реал Мадрид" (8 январь)
"Барселона" - "Атлетико" (9 январь)
"Қироллик клуби" ва "кўк-анорранглилар" ярим финалда ғалаба қозонишса, 12 январь куни бўладиган финалда бизни "класико" кутмоқда! Бу галги тўқнашув ғолиб жамоага соврин тақдим этади.
P.S. Бу сафар "Реал" финалга чиқадиган бўлса, рақибига нисбатан 1 кун кўпроқ дам олиш имкониятига эга бўлади.
P.S.-2. Ушбу ҳафтада Ла лиганинг 18-тур ўйинлари ўтказилади ва шундан сўнг мусобақа 2 ҳафтага таътилган чиқади. 3-5 январь кунлари чемпионатининг 19-тур ўйинлари ўтказилгач, Испания суперкубоги учун Примерода яна 2 ҳафталик танаффус юзага келади.
P.S.-3. Иккинчи даврада "Сантьяго Бернабеу"да ўтказиладиган кейинги "эл-класико" 1 март кунига белгиланган.