"Барселона" ярим ҳимоячиси Артуро Видалнинг адвокати Испания Ла лигаси ва футбол федерацияси қўшма комиссиясига клуб устидан шикоят киритди. Унинг даъвосига кўра, клуб ушбу мавсумда футболчига мукофот пулини бермаган. Бу ҳақда Marca нашри хабар тарқатди.
Видалнинг шартномасида, агар футболчи "Барселона"нинг 60 фоиз ўйинларида иштирок этадиган бўлса, 2,4 миллион евро миқдорида мукофот пули олиши ҳақида ёзиб қўйилган. Чилилик ўйинчи мазкур ўйинларнинг ярмида иштирок этгани боис мукофот пулининг ярмини талаб қилмоқда.
"Кўк-анорранглилар" раҳбарияти эса пулни тўлашдан бош тортиб, буни футболчи жамоани тарк этиш учун сабаб қидираётганига йўймоқда.
Аввалроқ Видаль "Интер" билан шахсий шартнома борасида келишувга эришгани ва январь ойидаёқ Италия чемпионатига кўчиб ўтмоқчи экани ҳақида хабар тарқалган эди.