"Ювентус" клуби раҳбарияти ҳужумчи Криштиану Роналдуга янги шартнома таклиф қилмоқчи. Бу ҳақда Corriere dello Sport хабар тарқатди.
Манбага кўра, "бьянконерри" 34 ёшли футболчининг ишидан қониқиш ҳосил қилмоқда. Нашр португалиялик футболчига қанча муддатга шартнома таклиф қилиниши ҳақида хабар бермаган.
Роналду билан тузилган шартнома 2022 йилда якунига етади ва у пайтда футболчи 37 ёшда бўлади. Бу ҳолат туринликларни хавотирга солмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Криштиану 40 ёшгача ўйнаш истаги борлигини маълум қилган эди. Роналду ушбу мавсумда барча мусобақалар доирасида 21та ўйинда майдонга тушиб, 12та гол урди ва 2та голга узатма берди.