“Пахтакор” билан бир гуруҳдан ўрин олган жамоаларнинг охирги натижалари билан таништириб ўтамиз.
БААнинг “Шабаб Ал Аҳли” клуби чемпионатда пешқадамликни қўлга олган. Бу жамоа 12 учрашувда 29 очко тўплаган ҳолда яқин таъқибчиси “Шаржа”дан 5 очкога ўзиб кетган. 24 январь куни 13-турда бу жамоалар ўзаро тўқнаш келади. Кейинги ўйинини Дубай жамоаси 10 январь куни БАА Кубоги ярим финали доирасида “Ал Жазира”га қарши ўтказади. Чемпионатнинг сўнгги турида “Шабаб Ал Аҳли” меҳмонда “Ал Айн”дан 2:1 ҳисобида устун келди.
Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” жамоаси эса 11 беллашувда 24 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. ОЧЛнинг амалдаги ғолиби пешқадам “Насср”дан иккита кам ўйин ўтказган ва беш очкога ортда қолмоқда. Охирги баҳсда “Ҳилол” кубок баҳси доирасида “Файсали”ни пенальтилар сериясида мағлубиятга учратди. Навбатдаги ўйинини бу жамоа эртага ўз майдонида “Ал Аҳли” билан ўтказади.