Аввалроқ Мадриднинг «Реал» клуби «Бавария» ярим ҳимоячиси Майкл Олисега бўлаётган эҳтимолий қизиқишлар фонида расмий баёнот билан чиққан эди. Маълум қилинишича, Испания гранди ФИФАнинг трансфер қоидаларини бузмаслик мақсадида франциялик футболчи билан бевосита ёки билвосита ҳеч қандай алоқага чиқмаганини расман эълон қилган.
Олисенинг Мюнхен клуби билан амалдаги шартномаси 2029 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган. ФИФА регламентига кўра, агар футболчининг амалдаги шартномаси мавжуд бўлса, даъвогар клуб эҳтимолий трансфер бўйича музокараларни бошлашдан олдин унинг ҳозирги жамоасини ёзма равишда огоҳлантириши шарт.
Шунингдек, ташкилот қоидаларига кўра, футболчи фақат жорий шартномаси тугашига 6 ойдан кам вақт қолган тақдирдагина бошқа клуб билан дастлабки келишувга имзо чекиши мумкин. Ушбу меъёрларни бузиш эса интизомий жазо чораларига сабаб бўлади.
Айни дамда Олисе Франция терма жамоаси сафида ЖЧ-2026 мусобақасида иштирок этмоқда. Дидье Дешам қўл остидаги «уч ранглилар» бош соврин учун асосий даъвогарлардан бири ҳисобланади.













