Муҳаммад эл-Ненни Ўзил ҳақида:
“Месут эндигина Мадриддан келганда, мен ундан ўзини катта тутишини кутгандим, чунки жуда катта клубдан ўтди. У эса камтарин ҳамда ҳурматни жойига қўядиган инсон бўлиб чиқди. Ўзини ҳеч қачон клубдан юқори қўймасди. Қайтага, ундан анча кичик клубда ўйнаганлар орасида эгоси ҳаддан ташқари катта “ўзини олувчи”лар бўларди ".
Шу Месут Ўзилни "Вердер"да ўйнаган пайтда майдонга отилган нонларни териб четга олиб қўйган пайтдан бери ҳурмат қиламан. Тўғри амал ва тўғри сўз.
Ўйини масаласига келсак, уни секинлашишда айблашади кўпинча, у 90-йиллар футболига, тўпга ҳар бир тегинишига урғу берадиган классик плэймейкерлар даврига кўпроқ мос келарди. Ҳозирги тезкор ва атлетик футболда бегонадек. Кимдир ҳаётнинг шиддатли эканидан шошиб иссиқ чойини йўл-йўлакай бир зумда симириб ичиб кетади, кимдир эса бир хўпламли кичик бир идишчадаги кофени ичиш маросимини узоқ муддатли ритуалга айлантириб, бу жараённинг ўзидан завқ олади. Ана шу иккинчиси Ўзил бўлади.
Даврон Файзиев.