Ўзбекистон U23 терма жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович Осиё футбол конфедерацияси расмий веб-сайти учун интервью берди. Мутахассис суҳбат давомида аввалги фаолияти ва унда қўлга киритилган ютуқлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.
"2012 йилда Сербия ёшлар (U19) терма жамоаси билан Европа чемпионлигини қўлга киритган эдик. Бу мамлакат футбол тарихидаги энг яхши натижалардан бири ҳисобланади. Бу олтин медаль мен ва футболчилар учун муҳим аҳамиятга эга эди. Бу натижа билан фахрланаман. Кейинчалик ихтиёримдаги етти футболчи мамлакат миллий терма жамоаси сафига кирди. Шундан сўнг миллий терма жамоаси бош мураббийига айландим, аммо бу жамоа бошқарувида 4та ўйинда қатнашдим, холос".
"Бир йил аввал эса Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан шартнома имзолаб, ишни бошладим. Март ойида бўлиб ўтган саралаш босқичида гуруҳда 1-ўринни эгаллаб, Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритдик. Ўйлашимча, Ўзбекистонда иқтидорли футболчи кўп. Назаримда, ихтиёримда яхши жамоа йиғилган.
Сафимизда икки йил аввал чемпионликни қўлга киритган футболчилар бор. Бу эса муҳим аҳамиятга эга. Улар яна муваффақиятга эришиш учун қачон ва қаерда нима қилиш кераклигини яхши билишади.
Осиё чемпионатида рақобат жуда юқори, рақиблар кучли, кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Аммо биз яхши ўйин кўрсатиб, ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистонлик футболчиларнинг савияси яхши. Улар ёш бўлишига қарамай, профессионал ҳисобланишади. Уларнинг меҳнатидан қониқиш ҳосил қиляпман. Ишончим комил, уларни яхши келажак кутмоқда. Бунинг учун улар 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида қитъа чемпионатида ўзларини кўрсатишлари керак. Шунда Осиёнинг гранд клублари билан шартнома имзолаш имкониятига эга бўлишади.
Бизнинг асосий мақсадимиз — олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритиш. Бу осон бўлмайди ва бу ерга келган ҳар бир жамоа шу мақсад билан мусобақага ташриф буюрган. Аммо мен ўз жамоамга ишонаман. Гуруҳнинг қолган иккита ўйинида ғалаба қозониб, чорак финалга чиқишимиз керак. Биз ўзбек футболи тарихига кирамиз, деб умид қиламан", — деди Друлович.