Хабарингиз бор, эртага “Локомотив” ўз майдонида ОЧЛ саралаши доирасида Душанбенинг “Истиқлол” жамоасини қабул қилади. Бугун ўйин олди матбуот анжуманида меҳмон жамоа бош мураббийи Мубин Эргашев ҳамда жамоа ҳужумчиси Алишер Жалилов иштирок этиб журналистларнинг саволларига жавоб беришди.
– Футбол мухлисларини кириб келаётган янги мавсум билан табриклайман. Ўтган мавсумдагисига қараганда ушбу мавсумда кўпроқ қизиқарли ўйинлар бўлишини тилайман. Ўйинга келадиган бўлсак, баҳсга кўрилган тайёргарлик яхши бЎлди. Рақибни яхши ўрганиб чиқдик. “Локомотив”ни тарк этган кўплаб футболчилар ўрнини янгилар эгаллади. Шунингдек, жамоада бош мураббий Ўзгарди. Самвел Бабаян ва Андрей Фёдоровнинг мураббийлик имзоси икки хил кўринишда ва Ўйинлари бошқача таассурот беради. Футболчиларимизга эртанги ўйин олдидан алоҳида талаблар қўямиз.
Алишер Жалилов: – “Локомотив” ОЧЛда ҳар йили ўйнайди. Уларнинг яхши жамоа эканлигини биламиз. Шу боисдан учрашувга яхши тайёргарлик кўриб, навбатдаги босқичга чиқишимиз учун ҳаракат қиламиз.
– “Истиқлол” Осиё Чемпионлар Лигаси даражасига тайёрми?
– Ҳа, тайёр. Чунки ўтган йиллар давомида ОФК кубогидаги иштирок орқали “Истиқлол” бир неча бора ушбу лигага тайёр эканлигини кўрсатиб берди. Тўғри бизга қийин бўлади, лекин буни тўғрилаймиз.
– “Истиқлол” ОЧЛ учун уч легионерни рўйхатдан ўтказган. Уларнинг барчаси Тошкентга келдими?
– Бу ҳақда гапирмайман. Келинг, бу ҳақида эртага билиб оласиз. Бу мухлисларга сюрприз бўлади.
– Рақибни ўрганиш чоқида “Локомотив”нинг бирорта назорат учрашувларини томоша қилдингизми?
– Андрей Фёдоровни яхши биламан. У билан бирга ўқиганман. Қолаверса, унинг ёрдамчиси Микляевни ҳам яхши биламан. “Локомотив”нинг “Рейнжерс” билан ўйинини томоша қилдик. Шунингдек, “Жиангсу” билан ўйинни ҳам ўрганиб чиқдик. “Локомотив” икки ўйинда икки ҳил таассурот қолдирди. Шу боисдан жамоа эртага қандай ўйин кўрсатишини билиш жуда қийин.
– Ўзбек футболидан кимнинг ўйинлари сизга ёқади, ёқтирган ўзбек футболчингиз борми?
Алишер Жалилов: – Одил Аҳмедов. “Анжи”, “Краснодар”да ўйнаган футболчини яхши биламан. Айни дамда у фаолиятини Хитойда давом эттирмоқда. “Локомотив”дан эса Марат Бикмаевни яхши танийман. У билан “Рубин”да танишганман. Унинг ўйинлари менга ёқади.
– “Пахтакор”га қарши бекор қилинган ўйин тайёргарлик режаларига жиддий таъсир ўтказдими?
– Йўқ. Об-ҳаво худонинг қудрати. Шу боисдан бундан унчалик ҳафа бўлмадик.
Эртанги ўйинда бизнинг томонга ҳам мухлислик қиладиган томошабинлар кўп бўлади. Барча мухлисларни стадионга чорлаб қоламиз. Умид қиламиз, эртага қизиқарли ва мухлислар ёқтирадиган ўйин гувоҳига айланамиз.