Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Аббос Ғуломов: Ҳар бир ўйинда ғалаба иштиёқида майдонга тушамиз

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, Наманганнинг “Навбаҳор” клуби айни пайтда ўз ўқув-машғулот йиғинини Туркиянинг Белек шаҳрида олиб бормоқда.

Йиғин давомида наманганликлар бир қатор назорат-синов баҳслари ҳам ўтказишди. Ўша баҳсларнинг иккитасида "лочинлар" маҳоратли ярим ҳимоячиси Аббос Ғуломов гол уришга эришди.

“Лочинлар”нинг навбатдаги машғулоти якунлангач, клуб матбуот хизмати Ғуломов билан суҳбат уюштирди.

- Аббос, Туркиядаги йиғин қандай кечяпти?
- Аъло даражада ўтяпти. Кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказиб, унда астойдил тер тўкяпмиз. Туркиянинг энг сифатли майдонларида шуғулланяпмиз, энг яхши меҳмонхонада дам оляпмиз. Қисқасини айтганда, шароитлар аъло даражада.

Фурсатдан фойдаланиб, биз – футболчиларга шундай шароитларни яратиб бераётган Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Ҳайитбаевич Бозоров, Наманган шаҳар ҳокими Шавкат Шокиржанович Абдураззоқов, шунингдек, “Навбаҳор” клуби вице-президенти Ойбек Саматовга жамоамиз номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Янги мавсумда барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, олдимизга қўйилган мақсадни бажариш ва уларнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиламиз.

- “Навбаҳор” таркибига янги қўшилган футболчилар борасида нима дея оласиз?
- Янги жамоадошларимнинг барчасини яхши танийман ва уларга қарши ўтган мавсумда ўйнаганман. Мазкур ўйинчиларнинг барчалари маҳоратли ҳамда бўлажак мавсумда жамоамизнинг ўз мақсадини амалга оширишида ёрдам беришади, деб умид қиламан.

- “Навбаҳор”нинг мураббийлар штабида ҳам ўзгариш юз берди ва маҳоратли мураббийлар – Отабек Ғуломхўжаев ҳамда Дониёр Усмонов жамоа бош мураббийи Андрей Канчельскисга ёрдам берадиган бўлишди. Улар ҳақда нима дея оласиз?
- Мураббийлар штабидан ўрин олган мазкур ёш мутахассислар ҳам анча маҳоратли саналишади. Улар олдин Ўзбекистон U-19 ёшлар термасида бирга ишлашган ва машғулотлар давомида Андрей Антанасовичга амалий ёрдам бериб, ўз салоҳиятлари ҳамда тажрибаларини биз –футболчилар билан ўртоқлашишмоқда.

Шунингдек, мураббийлар штабидаги Мустафо ака Байрамов ва Аъзам ака Ражаббаев ҳам машғулотлар давомида бош мураббийга амалий тарзда ёрдам бериб, биз – футболчилардан ўз маслаҳатларини аяшмаяпти.

Дарвозабонлар мураббийи Павел Синельников ҳам жамоамиз посбонларини роса терлатяпти (кулади).
Ахир, айтишадику, машқда қийин бўлса, жангда осон бўлади, деб.

Қисқаси, “Навбаҳор” мураббийлар штабидан ажойиб мутахассислар ўрин олишган ва уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида жамоамиз янги мавсумда ижобий натижани қайд этади, деган умиддаман.

- Белекдаги йиғин давомида “Навбаҳор” тўртта ўртоқлик баҳслари ўтказди. Ушбу назорат – синов баҳслари ҳамда рақиблар борасида борасида нима дея оласиз?
- Барча спарринг – рақибларимиз анча кучли экан. Шу боис, ушбу жамоаларга қарши кечган назорат баҳслари кескин курашлар остида ўтди. Шундай бўлса-да, мазкур ўртоқлик ўйинларида Туркманистоннинг “Ахал” (1:0) ва Сербиянинг “Рад” (2:1) жамоаларини мағлубиятга учратишга муваффақ бўлдик. Қозоғистоннинг “Жетису” (1:1) ҳамда Украинанинг “Колос” (0:0) клублари билан бўлган баҳсларда эса дурангга имзо чекдик.

Фурсати келганда, шуни ҳам таъкидламоқчиманки, биз ҳар қандай баҳсда, у қандай ўйин бўлиши, рақиб кимлигидан қатъий назар, майдонга фақат ғалаба иштиёқида тушамиз. Албатта, янги мавсумда ҳам ўз олдимизга шундай мақсад қўйяпмиз.

- “Рад” ва “Жетису” жамоаларига қарши кечган назорат ўйинларида гол уришга муваффақ бўлдингиз...
- Албатта, таъкидлаганимдек, майдонга ҳар бир баҳсда ғалаба иштиёқида тушяпмиз. Шу боис, ҳар бир футболчи, жумладан, мен ҳам майдонда астойдил ўйнашга интиляпмиз. Бунинг самараси ўлароқ, голлар ҳам урдим. Тўп киритишимда жамоадошларимнинг ҳам муносиб ҳиссалари бор. Энди ушбу ёқимли анъана, яъни гол уришни янги мавсум баҳсларида ҳам давом эттириш ниятидаман.

- Туркияда ўтказилаётган мазкур йиғин ва ўртоқлик учрашувлари янги мавсумда ўз самарасини берса керак?
- Албатта, самара беради. Таъкидлаганимдек, сифатли ва табиий майдонларда машғулотлар ўтказилиши, кучли спарринг - рақибларга қарши ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишимиз биз – футболчиларга жисмоний ҳолатимизни яхшилаш, спорт формамизни ушлаб туришда ўз фойдасини бериши аниқ. Бу эса янги мавсумда майдонда ишончли тарзда тўп суришимизни таъминлайди.

Жамоамиз бу йил ўз олдига юксак мақсад қўйяпти ҳамда таркиб ҳам шунга яраша кучайтириляпти. Биз - футболчилар ҳамжиҳат ҳолда, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз. Фақат мухлислар бу йил ҳам худди олдинги мавсумлардагидек жамоамизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлаб туришса бўлгани.

Шуни таъкидламоқчиманки, ишқибозларнинг қўллаши, биз – футболчиларга ўзгача руҳ ҳамда иштиёқ бағишлайди ва ғалабалар сари руҳлантиради. Бахтимизга “Навбаҳор”нинг барча мухлислари соғ-саломат бўлишсин ва улар билан жамоамизнинг ютуқларини биргаликда нишонлаш насиб этсин, илоҳим!

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати.
Манба: pfcnavbahor.uz
Киритилди: 12:36, 15.02.2020.
Ўқилди: 2209 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.