Лондоннинг «Тоттенҳем» клуби устози «Астон Вилла» устидан қозонилган ғалабадан сўнг, «Mirror» нашри учун интервью берди.
Бугунги учрашувни жуда ёмон бошладик, бироқ йигитлар характер ва ғалабага чанқоқликни намойиш этиб беришди. Ўйлашимча, бу ўйин мен бу клубга келганимдан бери энг кўп вазият яратган учрашув бўлди. Яратилган вазиятларнинг бирортаси тасодифан юз бергани йўқ. Биз ўйин сўнггига қадар ҳужум уюштиришдан тўхтамадик. Биз вазият яратиш учун тинмай ҳаракат қилдик. Агар учрашув 2:2 натижаси билан якунланганида, мен ҳозир футболчиларимдан норози кайфиятда ўтирган бўлар эдим. Сабаби жуда одий. Биз яхши ўйнаб рақибга очко берган бўлар эдик. Ўйиннинг иккинчи қисмида гол киритиш учун 94 дақиқага ҳаракат қилдик. Айни дамда биз Ҳарри Кейнсиз ҳаракат қилаётганимиз учун кўплаб муаммоларга учраяпмиз. Шундай бўлсада, муаммо билан ҳаракат қилиш АПЛ клублари учун нормал ҳолат. Шунинг учун биз янги йўлнинг бошида турибмиз. Сезган бўлсангиз, вазиятларни кескинлаштиришнинг янги услубидан фойдаланяпмиз. Иложи борича гол киритишимиз мумкин бўлган вазиятларни яратиш устида ишлаяпмиз ва бу секин-аста майдонда ўз мевасини бермоқда.
«Манчестер Сити»га қўйилган таъқиқ борасида ҳеч нарса демоқчи эмасман. Бу савол менга берилишини билган бўлсамда, вазиятни ўрганиш учун бир дақиқа ҳам сарф этганим йўқ. Бу таъқиқ АПЛнинг оддий жамоасига эмас, ўтган мавсумдаги чемпионларга қўлланилаётганини унутмаслик лозим. Вазият тўлиқ ойдинлашмагунига қадар ўз позициямда қоламан.
Бизнинг АПЛдаги асосий мақсадимиз кучли тўртликка кириш эмас. Биз ўз ўйинимизни янада яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Асосийси иложи борича яхшироқ тўп суриш ва имкон борича очко жамғариш. Ана шунда мавсум сўнггида қайси ўринга лойиқ эканлигимизни билиб оламиз. Кеча «Ливерпуль» мусобақа жадвалида сўнгги ўринда борайотган «Норвич»га қарши қийин ўйин ўтказди. Бугун биз ҳам элитада жон сақаб қолиш учун кураш олиб бораётган клубдан жиддий қаршиликка учрадик. Бу АПЛ учун одатий ҳол.
Бугунги кунга келиб 5-ўрин билан ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш ҳақидаги фикрлар барча нашрлардан тинмай янграмоқда. Ҳамма бизни асосий даъвогар деб кўрсатётган бўлсада, бу ўрин учун «Вулверҳемптон», «Арсенал», «Манчестер Юнайтед», «Эвертон» сингари жамоалар ҳам кураш олиб боришларини унутмаслик лозим. Бу жамоаларнинг барчаси ўзини 5-ўрин учун ўзини муносиб деб хисоблайди ва буни майдонда исботлашга ҳаракат қилади.