"Пахтакор" Суперлигада 2020 йилги мавсумни Тошкентда "Навбаҳор"га қарши ўйин билан бошлайди.
Фақатгина ушбу жамоалар чемпионатлар доирасида барча мавсумларда иштирок этиб келишади. Демак, бу тўқнашувларни классик қарама-қаршилик туркумига киритиш мумкин. Томонлар ҳозирга қадар 58 учрашувда майдонга тушишган. Ўзаро ўйинлар бўйича устунлик яққол "Шерлар" тарафида. 36 баҳсда зафар қучган "Пахтакор" 9 бор рақиб билан дуранг ўйнаган ва 13 марта имкониятни бой берган. "Навбаҳор" дарвозасига 98 гол урилиб, 44 тўп ўтказиб юборилган.
Тошкентдаги учрашувларнинг 24тасида жамоамиз ғалаба қозониб, 4 дуранг ва 1 мағлубиятни қайд этган. “Пахтакор” ўз майдонида охирги 23 ўйинда 21 ғалаба ва 2 дурангга эришиб, умуман мағлубиятга учрамаган.
Ўзаро ўйинлар тарихида қайд этилган энг йирик натижа - 7:0 ҳисоби жамоаларнинг Тошкентда 2009 йил ўтган беллашувида кузатилган. Ўшанда "Пахтакор" наманганликларни ўта йирик ҳисобда доғда қолдирган. Жами 8 марта жамоамиз наманганликларни йирик натижалар билан тор-мор келтирган.
Бу сафар мавсумнинг очилиш учрашувида жамоалар ўзаро тўқнаш келишади. Бошланаётган мавсумда "Пахтакор" олдига энг юқори мақсад қўйилган ва мухлисларни "Шерлар" иштирокидаги қизиқарли ўйинларга таклиф этиб қоламиз.
"Пахтакор" ва "Навбаҳор" ўртасидаги учрашув 27 февраль, пайшанба куни "Пахтакор" стадионида соат 16:00да старт олади