Ўзбекистонлик профессионал боксчи Исроил Мадримов бугун навбатдаги жангини ўтказиб, WBA Inter-Continental камарини ҳимоя қилди.
АҚШнинг Фриско шаҳридаги "The Ford Center at The Star" аренасида ўтказилган жангда ҳамюртимиз WBA рейтингида 2-поғонани эгаллаб турган венесуэлалик Чарли Наварро (29-10, 22 KO)га қарши рингга кўтарилди.
Исроил жангнинг аксарият қисмида устунликка эришди. У ўзининг жанг олиб бориш услубини тез-тез ўзгартирган ҳолда рақибига тезкор ва кучли зарбалар берди. Шу боис, 40 ёшли боксчи 2-раунддан бошлаб муаммоларга дуч кела бошлади. Тўртинчи уч дақиқаликдан бошлаб эса тўлиқ устунлик Мадримов томонига ўтди.
Олтинчи раундга келиб венесуэлалик боксчи илк марта нокдаунга тушди. Аммо у жангни давом эттиришга қарор қилди. Ўзбек боксчиси ҳужумни давом эттириб, яна бир марта уни рингга қулатди. Бу сафар рефери жангни тўхтатишга қарор қилди.
Шу тариқа, 10 раундга мўлжалланган жанг Мадримовнинг 6-раунддаги нокаути билан якунланди.
Қайд этиш лозимки, ушбу жанг WBA Eleminator мақомида эди. Энди Мадримов WBA Super ёки WBA Regular камарларидан бирига мажбурий даъвогарга айланди.
Эндиликда Мадримовнинг проф рингдаги ўтказган жанглари сони 5тага етди. У жангларининг барчасида нокаут эвазига рақибларини мағлуб этган.