Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси бўлган Олимпия ўйинлари учун йўлланма берувчи бокс бўйича лицензион турнир ўзининг қизғин палласига кириб улгурди.
Иордания пойтахти Амман шаҳрида ўтказилаётган, Осиё ва Океания минтақаси учун йўлланма берувчи мазкур мусобақада бугун чорак финал баҳслари давом эттирилмоқда. Аҳамиятли томони шундаки, бугун яна бир ҳамюртимиз -52 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган чарм қўлқоп устаси Шаҳобиддин Зоиров квалификацион турнирнинг чорак финал баҳсида эронлик рақиби Омид Аҳмадисафа устидан ғалаба қозонди.
Ҳамюртимиз уч раунд давомида тўлиқ устунликни ўзида сақлаб қолган ҳолда эронлик боксчини 5:0 ҳисобида таслим эта олди.
Амалдаги Олимпия ва Жаҳон чемпиони ҳисобланмиш Зоиров энди ушбу турнирнинг ярим финалида таиландлик Тҳитисан Панмот билан жанг қилади.
Эслатиб ўтамиз, кеча ўтказилган бир қатор жанглар натижасига кўра, 3 нафар боксчимиз Олимпиада йўлланмаларини нақд қилишган эди. Улар +91 кг вазнда Баҳодир Жалолов, -91 кг вазнда Санжар Турсунов ва -69 кг вазнда Бобоусмон Батуровлар Токио учун чипта соҳибига айланди.
Шунингдек, бугун яна тўрт нафар боксчимиз Токио-2020 Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун жангга киришади. Эʼтиборлиси, улар орасида икки нафар қизларимиз ҳам бор. Умид қиламизки, вакилларимиз ўзларига билдирилган ишончни тўлиқ оқлаган ҳолда ғалабаларни қўлга киритади.