Бугун 13 март. Қай футболчи учун муҳим сана, деб ўйлайсиз? Излаганим сари кўп футболчиларни топдиму, кўнглимга яқини Эдгар Давидс бўлди. Нидерландиялик ўзига хос таянч ярим ҳимоячиси ташқи кўриниши билан-да ёдда қолган ўйинчи эди. Бугун у 47 ёшга кирди.
Давидсни бизнинг авлод бошқача эҳтиром билан эслайди. Зеедорфга қўшиб эслайди. Нега дейсизми? Улар бир-бирига ўхшашган ва 1998 йилги Чемпионлар Лигаси финалида “Ювентус” вакили бўлган Давидсга ҳакам биринчи сариқ карточкани кўрсатиб, кетидан қизил кўрсатган. Кўзойнакли йигит ҳайрат билан боқиб турганида, германиялик Хельмут Круг “қовун туширганини” сезиб қолади: Бироз аввал “Реал” аъзоси Кларенс Зеедорфни огоҳлантирган ва ва ўхшаш чеҳраларни фарқлай олмаган.
Зеедорф ҳам Давидс сингари Нидерландия терма жамоасининг асосий вакили эди. Ўхшашлик балки шундан вужудга келган.
Давидсни мен қандай ўйинчилар сирасига киритаман, айтайми? Кака, Шевченко, Торрес ва Неймар сингари футболчиларга. “Ўзига мос жамоасини алмаштириб, бунинг эвазини қиммат тақдир билан тўлаган” футболчилар, билдингиз, а?!
Жаҳон футболида “Питбул”, “Пиранья”, “Ваҳший” ва “Бульдог” номлари билан машҳур сиймо авлоди Суринамга бориб тақалади. Нидерландиянинг қутурган таркибида унинг миллатдошлари кўп бўлган, шунинг оқибатида голландларнинг ўйинида европаликларнинг руҳияти+ африканча шиддат яққол уфуриб турган.
Табиийки, Давидснинг футбол мактаби – “Аякс”. ЕЧл ғолиби бўлган даврларида айнан шу йигит марказни гуллатган. Сўнг Италияга йўл. “Милан”да икки йил ўйнаб, “Ювентус”га ўтган ва туринликлар сафида энг нурли даврларини ўтказган. Давидс “зебралар”га шу қадар мос эдики, унинг кейинги бекатлари – “Барселона”, “Интер” ва “Тоттенҳэм” жамоалари истеъдодли футболчининг умрини беҳудага кетказди, холос.
Ўзининг айтишича, ёшлигида ҳужумчи бўлишни орзу қилган. Аммо умрбод таянч зонасида тўп сурди. 2001 – 2002 йиллари нандролон истеъмол қилгани учун футболдан четлатилган. ФИФА томонидан расман кўзойнакда ўйнаши рухсат берилган ягона футболчи.
Унинг ўйинларини бизнинг авлод соғинади. Сабаби, Давидс орқали суринамча ўйнайдиган нидерландларни эслаймиз, бошқа такрорланмаган “учар голландлар”ни хотирлаймиз.