Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: Дангаса даҳо

Баҳо:
+ | -

Бугун 17 март ва бу санага даҳлдор бир юлдузни эслаш менга завқли. Чунки у ёшлигимни эслатади, А сериянинг завқли онларини қайтаргандек бўлади. Уругвайлик ўта иқтидорли футболчи Альваро Рекоба!

1976 йили Уругвай пойтахти Монтевидеода туғилган Альваро қобилияти даражасида юлдуз бўла олмади. Бунга ўзи айбдор. Катта талант ресурси билан умрбод дангаса бўлиб яшади.

Монтевидео бу гавҳарни узоқ сақлаб қололмаслигини Рекобанинг “гўдаклиги”даёқ англаганди. Кўпгина жамоалар ичида “Интер” тортиб кетганди уни. Миланликлар 1997 йили нафақат Рекобага ўхшаган ҳеч ким танимас иқтидорларни сотиб олишга, балки ўша даврнинг мутлақ лидери бўлмиш бразилиялик Роналдони ҳам ўз сафига қўшиб оладиган даражада топ-клуб эди.

Ҳозирда болахонада VHS кассеталар чиқиб қолса, ахлатга ташлаб юборармиз, аммо у пайтлари 180 минутлик видеокассета катта видеомагнитафонларга солиниб, ўзгача кўриларди. "Нерадзурри" раҳбари Мораттига уругвайлик истеъдоднинг ўйинлари ёзилган видеокассетани ўғли олиб келиб кўрсатган, дейишади. Массимо Рекобанинг ҳаракатларини, зарбаларини кўриб, дарҳол меҳри тушган. Буни “бир кўрганда муҳаббат” дейдилар.

Рекобани юқорида ўта дангаса дедик, шунингдек у ҳимояга ёрдам бермасди. Хоҳлаганини амалга оширадиган кенг ижодкор бўлгани учун “Интер”нинг ўша пайтдаги мураббийи Луиджи Симонига маъқул келмади. У меҳнаткаш, ҳимояда ишлайдиган, тинимсиз ҳаракатдаги ярим ҳимоячиларни ардоқларди.

Моратти мураббийга Альваро хусусида таъсирини ўтказа олмади. Бироқ, Рекобанинг дебют ўйини узоқ вақт “Интер” мухлислари ёдидан кўтарилмайдиган кечага айланиб кетди. Ўша куни ҳамма стадионга Феномен Роналдони кўргани келганди. Аммо “Брешия” ҳисобни очгач, мураббий ўйинга янгилик улашиши зарур бўлиб қолди. Рекоба туширилди. Тушдию, икки шедеврал зарбаси билан Мораттини қандай ўзига ошиқ қилиб олган бўлса, қандайдир дақиқалар ичида “Жузеппе Меацца”ни ҳам ўзига қаратди. Роналдо унут бўлди ўша оқшом.

Қизиқ томони, Симонини шу голлари билан ҳам мафтун қила олмадики, мавсумни деярли захирада ўтказиб, кейинги йили “Винеция”га йўл олди. Ижара ўйинчиси сифатида. Табиийки, Рекоба даражаси Италиянинг гўзал шаҳри футболидан устун эди. Бунақа ўйинчи ўзимизга ҳам керак, деб ярим мавсум ўтиши биланоқ қайтариб олишди. Мураббий Арриго Сакки бўлгани учун жанубий америкалик гавҳарнинг очилишига имконият берди. Кетди буёғи.

Рекоба “Интер”да узоқ вақт ўйнади. 2006 йилги кальчополи воқеаларидан сўнггина “Интер”га олиб берилган чемпионлик унинг фаолиятига мазмун олиб кирди. Чунки феноменал ўйинлари ва голлари билан у доим маррага иккинчи бўлиб етиб келарди.

Рекобанинг аёли айтади: "Мен Альварони ёшларга ўрнак қилиб кўрсатмаган бўлардим. У дунёдаги энг дангаса даҳодир. Худо берган қобилиятининг ҳисобига ўйнаб ўтди".

Зўр баҳо. Машғулотларда эринчоқлик қиладиган юлдуз охир-оқибат афсона даражасига кўтарилмади. Меҳнат қилганларга насиб қилган шоҳсупа унга бўшатилмагани аслида адолатдан. Шундай бўлса-да, икки аср оралиғининг энг гўзал онлари ичида Рекоба номи барибир бир эслаб ўтилади.

Ҳозирда ютубга қўйилган кўп юлдузларнинг энг чиройли ўнликларини кўриб чиқсангиз, Рекоба бу масалада ўзидан номдорларга дарс бериб қўяди. Чунки у табиатан оддий гол ура олмасди. Худонинг қобилияти ҳисобига яшаб ўтган иқтидор. Дангаса. Лекин буюк.

Хайрулла ҲАМИДОВ.

Манба: https://t.me/x_hamidov
Киритилди: 07:07, 17.03.2020.
Ўқилди: 6148 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.