Сурхондарё футболининг яна бир афсоналаридан бири футболчилик фаолиятининг асосий қисмини Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида ўтказган, тажрибали футболчи Азамат Жўрамуродов билан суҳбат уюштирдик.
— Футболчилик фаолиятингизни қачон бошлагансиз?
— Мен футболчилик фаолиятимни 5 ёшимда бошлаганман. Мактабда ўқиб юрганимда Р.Ражамаҳмудов мени футбол мактаб интернатига таклиф қилган ва ўша ерда футболчилик фаолятимни бошлаганман. Унгача асосан кўчада доимий футбол ўйнаб юрардим.
— «Нефтчи» жамоасига сизни ким таклиф қилган?
— «Нефтчи» ўша вақтдаги Ўзбекистоннинг энг кучли клубларидан бири эди.Ҳар бир футболчи у ерда тўп суришни орзу қиларди. «Сурхон» жамоасида ўйнаб юрган пайтларим Юрий Вазгениевич Саркисиян мени «Нефтчи» жамоасига таклиф қилган. Юрий Вазгеневич сурхондарёлик футболчиларга кўп эътибор қиларди. Ҳозирги кунда Саркисянга ўхшаган сурхондарёлик футболчиларга эътибор қиладиган мураббий бўлмаётгани сабаб, сурхондарёлик ёшлар кам етишиб чиқаётгандир. Биз билган Абдумажит Тоиров, Масуд Тоиров, Ғайрат Оманмуратов ва бир қатор футболчиларни айнан «Нефтчи» да Юрий Вазгениевич даврида ёрқин порлаганини кўрганмиз.
— Жароҳат сабаб футболни тарк этдингиз. Жарохатингиз шунчалик жиддиймиди? Даволашга ҳаракат қилмадингизми?
— Жароҳатим сабаб, футболчилик фаолиятимни эрта якунладим. «Нефтчи»да ўйнаб юрган пайтларим тиззамдан жиддий жарохат олдим. Дастлаб, кўпчилик футболчида бўлгани каби мен ҳам тезда тузалиб сафга қайтаман деб ўйлардим. Менинг қилган энг катта хатоим жарроҳлик амалиётини хорижда аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак Германияда эмас, Тошкентда қилдирдим. Кўпчилик ўзимизда ҳам тиббиёт ривожланганлигини Германияга бориш шарт эмаслигини айтишди. Тошкентда операция қилдирдим. Футболга тезроқ қайтишни истадим. Афсуски, жарроҳлик операциядан сўнг, футболга қайта олмаслигим маълум бўлди. Сиқилдим. Албатта бу жуда оғир эди. Тасаввур қилаябсизми, бошқа футбол ўйнамаслик. Тақдир экан.
— Бугунда кунда «Сурхон» U-18 жамоасида мураббий бўлиб ишлаб келяпсиз. Мураббийликнинг масъуляти қанчалар оғир?
— Албатта мураббий бўлишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Футболчилик фаолиятимни якунлаган бўлсам ҳам футболни тарк эта олмадим.
— «Нефтчи»да ўйнаб юрган пайтларингиз Тошкент гранд клубларидан ҳам таклиф бўлганми?
— Ҳа бўлган. Ўша пайтдаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов томонидан қизиқиш бўлган. Лекин мен «Нефтчи» жамоада қолишни хоҳладим. Чунки, «Нефтчи»да барча шароитлар яратилган эди ва у жамоада ўзимни баҳтиёр ҳис қилардим.
— Юрий Саркисиянни қаттиқ қўл мураббий деб эшитганмиз. Саркисиянни характери сиз ўйнаган пайтлари қандай эди?
— Юрий Вазгениевични қаттиқ қўл мураббий демаган бўлар эдим. Лекин тартиб-интизомни яхши кўрадиган мураббий ҳисобланади. Футболчиларни тушунарди. Юрий Вазгениевич машғулотларда шунақа ҳангомаларни айтиб берар эдики, кун давомида кўтаринки кайфият сизни тарк этмас эди. Кўпчилик Вазгениевични ҳангомалари билан ҳам яхши танийди. Қисқа қилиб, бир сўз билан айтганда Вазгениевич — ОЛИЖАНОБ инсон!
— Яқинда Суперлига U-18 учинчи турида «Насаф» ёшларига қарши баҳс олиб бордиларингиз. Айтингчи «Насаф» ёшларининг «Сурхон» ёшларидан устунлиги нимада?
— Менимча, футболчиларга озроқ тажриба етишмади. «Насаф» ёшлари билан «Сурхон» ёшлари ўртасида катта фарқни кўрмадим. Баъзи жойларда хатоларимиз бор. Шу хатолар устида ишлаймиз.
— Келажакдаги орзуларингиз?
— Келажакдаги энг катта орзуим: «шогирдларим ўйинини Ўзбекистон терма жамоаси сафида кўриш». Шу йўлда тинимсиз кеча-ю кундуз меҳнат қиламиз.