Хабарингиз бор, айни пайтда коронавирус пандемияси сабаб деярли барча мамлакатларда футбол учрашувлари вақтинча тўхтатилган. Жумладан, мамлакатимизда ҳам футбол мавсуми карантин сабаб вақтинча танаффусга чиққан.
Лекин Ўзбекистон футбол ассоциациясининг барча бўлинмалари карантин қоидаларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини масофадан туриб давом эттирмоқда.
Шу жумладан, терма жамоалар бўлими вакиллари, турли ёшдаги терма жамоаларимиз мураббийлар штаби ҳам белгиланган вазифалар бўйича иш олиб боришяпти. Онлайн видеомулоқот орқали амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиб борилмоқда.
Бугун ЎФA Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов барча ёшдаги терма жамоаларимиз бош мураббийлари билан видеомулоқот ўтказди. Мулоқот жараёнида коронавирус сабаб юзага келган айни танаффус, унинг терма жамоалар тақвим режасига кўрсатадиган таъсири, ушбу вақт оралиғида терма жамоаларга номзод футболчиларнинг спорт формасини барқарор тарзда ушлаш борасида амалга оширилаётган ишлар каби масалалар батафсил муҳокама этилди. Ҳар бир терма жамоа устози ўз қўл остидаги жамоага номзод футболчилар билан мунтазам алоқада экани ҳақида маълумот бериб, мураббийлар штаби томонидан футболчилар учун уйда бажариш лозим бўлган машғулотлар мажмуаси ишлаб чиқилгани ҳамда ўйинчилар уй шароитидаги машғулотлари хусусида ахборот бериб боришаётгани таъкидланди.
Қолаверса, терма жамоалар бўлими карантин даври тугагач барча ёшдаги терма жамоалар учун зарур ўйин ҳамда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш борасидаги ишларни асло тўхтатмагани алоҳида қайд этилди.
Таъкидлаш лозим, бу каби видеомулоқотлар мунтазам равишда ўтказиб борилади.