Италиялик мутахассис Массимилиано Аллегри яқин вақтлар ичида Англиянинг "Ньюкасл" клуби бош мураббийи бўлиши мумкинлиги ҳақида The Sun хабар тарқатмоқда.
Манбанинг ёзишига қараганда, 52 ёшли италиялик мураббийи "Ньюкасл"ни бошқариши мумкин бўлган номзодлар орасида етакчилик қилмоқда. Номзодлар орасида Рафаэль Бенитес, Стивен Джеррард, Роберто Мартинес ва Маурисио Почеттинолар ҳам кўриб чиқилмоқда.
Аллегри 2014 йилдан 2019 йилнинг ёзигача Туриннинг "Ювентус" клуби бош мураббийи бўлиб ишлади. Шу давр мобайнида у Италиянинг беш карра чемпиони, тўрт маротаба Италия Кубоги ва икки марта Италия Суперкубогини қўлга киритди.2014/15 йилги мавсумда Аллегри "Ювентус" клубини ЕЧЛнинг финалигача етаклаб кела олди ва финалда "Барселона" (1:3) клубига имкониятни бой берганди. Орадан бир йил ўтгач "Ювентус" яна ЕЧЛ финалига йўл олди ва бу сафар "Реал" (1:4) клубидан қақшатгич зарбага учраганди.