Stadion.uz ёзда амалга ошиши мумкин бўлган клублар ўртасидаги футболчи алмашинувлари билан таништириб ўтади.
Футбол клублари корона-танаффус сабабли катта зарар кўраётганидан хабарингиз бор. Бундай молиявий йўқотиш ёзги трансфер ойнасида ўз сўзини айтиши турган гап. Шундай экан, клублар футболчи сотиб олиш учун пул сарфламасликка ҳаракат қилишлари аниқ. Хўш,қандай қилиб? Сезганингиздек, бугун ёзда амалга ошиши мумкин бўлган айрбошловлар ҳақида сўз боради.
1. Н’голо Канте — Винисиус Жуниор ва Лука Йович
Н’голо ўзининг Лондондаги иккинчи мавсумини ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказмоқда. Унинг ҳимояда беназир эканлиги ҳеч кимга сир эмас, бироқ сўнгги турларда футболчи ҳужумда ҳам “аристократлар”га катта наф келтиришни бошлагани таҳсинга сазовор. Замонавий футболчи Канте сингари футболчиси бор клублар кўп эмас, бироқ “Челси” уни қадрламаётгандек ҳис уйғотмоқда.
Бугунги кунда “Челси”нинг асосий муаммоси ҳужумчи етишмаслигида бўлиб турибди. Ҳозирда Лэмпардга олдинги чизиқдаги ранг-барангликни оширишга қодир янги қон, янги иқтидорлар жуда муҳим.
Йович Мадридда Бенземанинг рақобатдоши бўлиши керак эди, бироқ якунда барчаси қандай кўриниш олганидан хабарингиз бор. Зидан Луканинг хизматларига эҳтиёж сезмаётганини яшириб ўтирмаяпти. Агар Лэмпарднинг ўтган йили ҳам Йович трансфери билан қизиққанини инобатга олсак, сербнинг Мадридни Лондонга алмаштириши катта сенсациябўлмаслиги аниқ. Шу ўринда Винисиус учун ҳам “Челси”га ўтиш ортга қадам бўлмаслиги турган гап. Келаси мавсумда сафга қайтувчи Эден Азар ва Родриго билан рақобатлашиши ўрнига ёш ва ҳужумкор Лэмпард қўл остида тўп суриш унга зарар қилмаслиги мумкин. Айни дамда Йович ҳам, Винисиус ҳам ўйин амалиётга жуда муҳтож. Зидан ўз футболчиларидан иккитасини йўқотиши мумкин, бироқ уларнинг ўрнига келаётган Канте майдон марказини янада кучайтириб бериши аниқ. Айниқса, Зидан сингари асосий кучни майдон марказига ташловчи мураббийлар учун Канте чинакам топилма бўлиши аниқ.
2. Криштиану Роналду — Поль Погба
Аслида Роналдуни ЕЧЛда зафар қучиш мақсадида сотиб олишган эди. Афсуски, бу трансфер ўзининг асосий самарасини бергани йўқ. Ҳатто ўз мақсадига яқин ҳам келамади. Роналдунинг имкониятларига шубҳамиз йўқ, бироқ у бир ўзи ЕЧЛни ютишга қодир ёшда эмаслигини унутмаслик лозим.
Туринда асосан жамоавий ўйинга суянишади. Аллегри ҳам Кришни “Ювентус”нинг бир бўлагига айлантирди ва бу айтарли катта самара бергани йўқ. Балки жамоани Роналдунинг атрофида шакллантириш фойда берган бўламиди. Аллегринингўрнини эгаллаган Сарри эса Роналдуга алоҳида позиция яратиш ҳақида бош қотириб ҳам ўтирмади. Катта эҳтимол билан, “Ювентус” бу айирбошловдан фойда кўриши мумкин. Погба ёш ва ғалабаларга чанқоқ. Бундан ташқари, у Туринга бегона эмас. Шу ўринда Роналдуни қўлга киритиш орқали “Манчестер Юнайтед”ҳам улкан фойда кўради. Биринчидан ОАВ эътибори бўлса, иккинчидан,жамоанинг имиджи ҳам кескин кўтарилади. Энг муҳими эса, Сульшернинг ҳужумкор футболи якунловчига эга бўлади. Бу эса, АПЛда очко жамғаришда жуда муҳим. Бундан ташқари, “қизил иблислар” ортиқча маош олувчи фойдасиз футболчидан ҳам қутилган бўлар эди. Умуман олганда,икки томон учун фойдали алмашинув.
3. Хамес Родригес —Пьер-Эмерик Обамеянг
Мана бир неча йиллардан бери Хамеснинг фаолияти чўкаётганини томоша қиляпмиз. Бу жуда ачинарли ҳолат. У аввалига “Реал”да ўринини топа олмади, кейин “Бавария” унинг трансферидан воз кечди. Энди бўлса, яна Мадридда қадрсизланди. Колумбиялик футболчининг ёрқин ўйинлари узоқ Бразилияда қолиб кетгандек гўё.
“Арсенал” Хамесгавазиятни ўнглаш учун сўнгги имконият бўлиши мумкин. У бу ерда ортиқча босимдан қутилганча кўпроқ ва эркинроқ тўп суриши мумкин. Айниқса, Артета яратаётган янги жамоада унга эҳтиёж мавжуд.
Танганинг иккинчи томонида ҳам яхши назария ҳукмрон. “Реал”га Хамес керак эмас, ва улар Йовичнинг ўрнини тўлдирувчи кучли ҳужумчи излашмоқда. Хўш, ҳозир уларнинг радарида габонлик форворддан кучлироғи борми?
“Реал” ўз муаммосини ҳал қилади. “Арсенал” эса, ёш ва иқтидорли Мартинеллига кўпроқ ўйин амалиётини тақдим қилиш орқали Обамеянгнинг кетишидан талафот кўрмайди.
4. Неймар — Антуан Гризманн ва Усмон Дембеле
Тан олиш лозим, Неймарнинг ПСЖгаўтиши умуман ўзини оқлагани йўқ. Унга сарф этилган 222 миллион евро ҳақидаку сўзламаса ҳам бўлади. Бежизга Неймар ҳам биринчи имкон туғилиши билан Паржни тарк этмоқчи эмас. У Каталонияга қайтиш учун барча барчасига тайёр.
Дембеле ва Гризман борасида “Барселона” узоқ бош қотирмаслиги аниқ. Бу йигитлар аллақачон омадсиз трансферлар ўнлигидан жой олиб бўлишган. Неймар эса, “Барселона”ни яна Европа тахтига қайтариши мумкин. Гризманн “Барса” ўйин фалсафасини ўқий олмаган бўлса, Дембеле нима учун харид қилингани ҳали ҳамон жумбоғлигича қомоқда.
Бу айирбошловдан 3 футболчи ҳам катта наф кўриши турган гап. Гризманнва Дембеле Мбаппе билан трио ҳосил қилиш орқали ЕЧЛ ғолиблиги учун жиддий курашга киришиши мумкин. Боз устига,Франция уларнинг Ватани ва футболчилар ўзлариниу ерда яхши ҳис этишларига шубҳамиз йўқ. Ёдингизда бўлса, Дембеле айнан Томас Тухелнинг қўл остида юлдуз футболчига айланган эди. Тухел жанжалкаш Неймарнинг ўрнини Дембеле эгаллашидан фақат ва фақат хурсандбўлиши аниқ.
5. Лаутаро Мартинес —Луис Суарес + қўшимча 50 миллион евро
Лаутаро ёзда “Барселона”нинг асосий трансфер мақсади бўлиши олдиндан маълум бўлиб улгурди. Уни ўз жамоасида Месси кўришни истаётгани бежизга эмас. Чаққон, иқтидорли ва ғалабаларга ўч аргентиналик ҳужумчи “Барселона” учун камида 10 йил содиқ хизмат қилиши мумкин. Суаресга келадиган бўлсак, у 33 ёшдан ошиб кетди. Боз устига сурункали жароҳатлар уни аввалги даражасида бўлишига тўсқинлик қилиши мумкин. Бугунги кунда “Интер” Лаутарони жамоада сақлаб қолишга қодир гранд клуб эмас. Шундай экан, яхшигина пул ва Суаресдек ижрочи Лаутаронинг йўқлигини билдирмай кетиши ҳеч гап эмас.
Бундай айирбошлаш уругвайлик футболчига ёқади. У фаолиятини МЛС ёки Уругвайда давом эттириш ўрнига “Интер” билан 3 йиллик шартнома имзолаши ва А серияда жавлон уриши мумкин. Айниқса, Италия айни дамда қария футболчилар маконига айланиб бораётган пайтда.
Изоҳларда ўз фикрингиз ва мулоҳазаларингизни қолдиринг. Қайси айирбошлов энг омадлиси бўлиши мумкин?