Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Марат Мифтахуддинов: «Якка тартибда шуғулланиш билан жамоавий машғулот орасида фарқ бор»

Баҳо:
+ | -

Карантинда ҳукуматимиз томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилаётган "Бунёдкор" катта мураббийи Марат Мифтахуддиновнинг фикрлари билан қизиқдик.

"Барча қатори мен ҳам карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда уйдаман. Асосий вақтим эски учрашувларни таҳлил қилиб, хатолар устида бош қотириш билан ўтяпти.

Футболчиларга уйда шуғулланишлари учун вазифалар берилган. Буни максимум даражада назорат ҳам қилиб турибмиз. Бироқ уйда якка тартибда шуғулланиш бошқа, жамоавий машғулотлар умуман бошқа. Қолаверса, карантин муддати қанча чўзилса якка тартибдаги машғулотлар ҳам чўзилаверади ва ўз-ўзидан жамоа бўлиб йиғилиш ҳам кечикади. Бу ўз-ўзидан кўп нарсага таъсир қилади.

Карантин якунлангач жамоани машғулот ўтказиб ўзига келиб олиши учун камида икки ҳафта керак бўлади. Шунда ҳам бу икки ҳафта давомида биринчи ўйингача футболчиларнинг жисмоний ҳолатини эмас, тўп билан муомала ва бошқа жиҳатларини тайёрлаш мумкин. Жисмоний ҳолат ўйинлар ва машғулотлар орқали яхшиланади. Аслида бундай ҳолатларда жамоани тайёрлаш учун вақт қанча кўп бўлса шунча яхши.

Биз эндигина Суперлигани бошлагандик. Олдимизда Ўзбекистон Кубоги ва Лига Кубоги баҳслари бор. Бу ёғига вақт кам, ўз-ўзидан ўйинлар орасидаги кун фарқи ҳам қисқаради. Фикримча бу йил ҳисобидан Ўзбекистон Лига Кубогини ўтказмай турган маъқул. Зеро, Суперлига ва Ўзбекистон Кубоги орқали Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш мумкин, аммо Лига Кубогининг ғолиблиги ҳеч нарса бермайди. Қолаверса, бу йилдан эътиборан Лига Кубогида қўшни юрт жамоалари ҳам иштирок этиши лозим эди. Бу албатта яхши, бироқ қўшни юртда ҳам ўйин ўтказадиган бўлсак ўз-ўзидан вақт, кун керак бўлади. Бизга ҳозир ўша кунлар етмаслиги мумкин. Яна қайтараман, бу фикрим шу йилнинг ҳисобидан. Бир неча йиллик тажрибадан келиб чиқиб айтаман, жамоа минимум ҳолатда уч кун ўтказиб, тўртинчи кун расмий ўйинда майдонга тушса мақсадга мувофиқ. Аслида учинчи кун ҳам ўйнаса бўлади, фақат бундай айрим қийинчиликларга дуч келиш мумкин.

Европада маошни қанчадир фоизга камайтириш ғояси илгари сурилаётганидан хабарим бор. Бундай гап-сўзлар юртимизда ҳам кезиб юрганини биламан. Мураббий сифатида бунга қарши эмасман. Маошингни қанчадир қисмини шундай қийин кунларда хайрли ишларга ажратиш ёқимли ва кишини хурсанд қилади. Айтганимдек бунга қўшиламан, қўшилганда ҳам тўлиқ қўшиламан, фақат-фақат бунинг учун ойлик олиш керак, олганда ҳам ўз вақтида олиш лозим. Шундагина хотиржам пулингизни хайрли ишларга сарфлайсиз", — Марат Мифтахуддинов.

Манба: fcbunyodkor.com
Киритилди: 15:03, 22.04.2020.
Ўқилди: 3157 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.